Ҳар ким доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга

05.05.2020 09:05:55

Президентимизнинг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш  тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар учун катта имкониятлар яратди. Бу Фармон бутун халқимиз қатори биз “Адолат” СДП аъзолари учун ҳам айни дилимиздаги иш бўлди. Энди бундан буён ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган шаҳардан ўзини номига уй олиш имкониятига эга бўлди.  

Албатта, кейинги йилларда ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг тезкорлиги, воқеа ва ҳодисаларнинг шиддатли ривожланиши, инсоният тақдирига бўлган муносабатнинг ўзгариши билан характерлидир. Бугунги маънавиятимиз дунёвий муаммолару серқирра ҳаётнинг барча жабҳаларига янгича назар билан қараш имконини яратди. Дарҳақиқат, қисқа вақт ичида онгимизда асрга татигулик эврилиш юз берди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаё­тида юз берган кенг қамровли ўзгаришларни мушоҳада қилар эканмиз, истиқлолнинг ҳаётбахш заминида юртимизда янги демократик қадриятлар илдиз отганини, инсон ҳуқуқлари ва унинг эркини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятига хос замонавий тузилмалар шаклланганини қайд қилмоқ лозим.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги фармони, 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида 9 та асосий устувор вазифалар белгилаб берилди. Асосий қонунимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда бегиланган чеклашлар бундан мустаснодир”. Шунингдек Фармонда, кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва Ички ишлар вазирлигининг рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич  хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш ҳамда биринчи босқичда қуйидагиларга рухсат берилади.

 Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоидани олиб ташланаяпти. Энди оилага тарбияга олинган шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши белгиланди. Илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун қайтиб келганида, уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлди. Ўзбекистон Респуликаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартибини бекор қилиш тартибининг жорий этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан қонуний тартибда фойдаланишлари учун яна бир муҳим қадам бўлди. Айниқса, халқимиз томонидан бир неча йилладан буён орзу бўлиб келаётган Тошкент шаҳрида кўчмас мулкка эга бўлиш масаласида ҳам Фармонда 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлик талаб қилинмайди. Ортиқча сарсон-саргардончиликнинг олдини олиш мақсадида ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда вақтни тежаш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча”тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Президентимиз айтганидек, “Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олмоғи лозим. Адолат ва ҳақиқат ғояси қонунчилик фаолияти­мизнинг замини, бош йўналиши бўл­моғи  шарт”.

Албатта, эркин ва адолатли жамият қуриш учун қонун устуворлигига эришишимиз ҳамда таянишимиз лозим. Чунки ҳар қандай давлатнинг қудратли ва мустаҳкам бўлиши, хал­қининг тинч ва фаровон ҳаёти амалдаги қонунларнинг устуворлигига боғлиқдир. Мамлакатимизда ижтимоий ва иқтисодий муносабатлар қонун йўли билан тартибга солинаётгани, қабул қилинаётган қонунлар замирида инсонпарварлик ва одиллик ғояси ётганлиги — мустақил диёримизда адолат тантанасидан нишонадир.

Мен ушбу Фармон айни вақтида қабул қилинган деб ҳисоблайман. Президентимизнинг бу каби халқимиз фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари бутун Ўзбекистон халқини мамнун этди. Энди биз “адолатчи”лар ҳам барча қатори  ўзимиз хоҳлаган шаҳару қишлоқдан ўз номимизга уй сотиб олиш имконига эга бўлдик. Бундан мамнунмиз.

Дилрабо ЧОРИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+