Ҳар кунинг байрам бўлсайди, она тилим...

26.10.2020 21:10:28

Ҳар галгидек бу йил ҳам 21 октябрь кунини ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги муносабати билан кенг нишонладик. Турли-туман тадбирлар ташкиллаштириб, гўё шу билан она тилимизга ҳурмат бажо келтирдик. Аммо биз ҳар куни кўриб гувоҳи бўладиган, кўзимиз тушса-да, бепарво қараб ўтиб кетаверадиган кўчаларни тўлдириб ташлаган турли туман ажнабий ёзувидаги сўзларнинг ёзилишига қарши курашишни ўзимизга лозим топмадик. Яхши ҳамки, белгиланган 21 октябрь куни бор. Йўқса она тилимиз борлигини бутунлай унутиб юборар эдикми?! Ҳар тугул ўзбек тилини мақтовларга кўмадиган бир кунимиз бор эканлигига ҳам шукр...

Қишлоқ жойларда ўрни сезилмаса-да, шаҳарларда албатта, ушбу чет тилини билмасдан туролмайсиз...Бу қайси тил дерсиз...Албатта, “зиёли”ларни мудом маҳлиё қилиб келаётган ўша рус тили. Шаҳарни рус миллатидагилар у қадар тўлдириб ташламаган бўлса-да, аммо рус тилининг аҳамияти барибир кучли ...Нега?! Чунки ўзи ўзбек бўла туриб, ўз тилида гапиришни ўзига эп билмайдиганлар кўп-да орамизда. Ҳа, улар рус тилида сўзлашади, мулоқот қилишади. Агар шундайларнинг бирортасига ўзбек тилида гапириб, суҳбатга аралашинг қани, сизни гўёки, менсишмайди. Шунда ўз-ўзидан суҳбат доирасидан четга чиқиб қолганлигингизни билмай қоласиз. Худди рус тилида гапириш кишини кўкка кўтарадигандек...Тағин ҳам бу инсонлар ўзбек. Ораларида ўзларини зиёли санаб юргувчилар қанча...Улар ўзга тилларда сўзлашишни “зиёли” бўлишнинг шарти деб, ҳисоблайдилар.  Албатта, тил билиш бу – яхши. Халқимизда “Тил билган – эл билади”,  -  деган нақл ҳам бор. Бироқ айрим ўзбеклар бир-бирлари билан ўз тиллари туриб ёт тилларда мулоқот қилишни, бундан завқ олишни хуш кўрадилар.

Уни-буни қўя туринг, хатто расмий доираларда, давлат аҳамиятига молик анжуманлар ҳам рус тилида олиб борилиши-чи? Эсимда, у пайтлари пойтахтга эндигина келган вақтларим эди, жамоадошларим билан бир анжуманга бордик. Унда қатнашувчиларнинг 95 фоизи ўзбек бўлса-да, 3 нафар бошқа миллат вакилининг бор эканлиги важ қилиниб, тадбир бошидан охирига қадар рус тилида ўтказилди. Атиги 3 нафар кишининг қолган барча йиғилганлардан аҳамияти ортиқдек туюлди менга. Нега Ўзбекистонда яшаб, яна асосан ўзбек миллати вакиллари иштирок этган тадбир ўзбек тилида олиб борилмайди?! Зарур бўлса ўша 3 нафар киши бизнинг тилимизни ўргансин ёки таржимон орқали шарт-шароит яратиб берилсин эди. Анжуман давомида четроқда ўтирган бир киши ўрнидан туриб, “майлими, ўзбек тилида гапирсам”,  - дейди бир пайт қимтинибгина. Ўз фикрини ўз ватанида ўз тилида ифода қилиш учун руҳсат сўраб ўтирилса-я. Бу ҳолат бизлар учун  ўзбек тилидан кўра рус тилининг аҳамиятли эканлигини билдирмаяптими?!

Шундоқ ҳам оҳирги вақтларда жуда “овропалашиб” кетаётгандекмиз. Кийган кийимимиздан тортиб, озиқланадиган овқатларимиз, бир-бирларимиз билан сўзлашиш оҳангимиздан тортиб, қураётган баланд-иморатлар-у дўкон, расталар, замонавий савдо мажмуалар номлари – барча-барчасида Овропа нафаси бор. Буларнинг барчасига, аввало ўзимиз айбдор эмасмизми? Ҳа, азизлар миллий ўзлик унутилган, ғурур ва фахр йўқолган жойда тил ўз ўрнини бошқа тилларга бўшатиб беради. Буюк маърифатпарвар жадид боболаримиздан А.Чўлпон “Адабиёт яшаса, миллат яшайди”, - деган эди. Адабиёт бу  - сўздир. Ўзбек миллатининг руҳи бўлган тилимизни, ўз сўзимизни асло йўқотмайлик.  

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+