Хатирчи туманида ички йўллар таъмирланмоқда

27.08.2019 16:08:54

Йўллар халқимизни обод манзиллар сари элтувчи, аҳолининг оғирини енгил қилувчи жамоатчиликнинг энг серқатнов маконидир. Айниқса, бу нурли манзилларнинг равонлиги инсонларнинг манзил-маконини яқин қилишда, аҳолига ёрқин кайфият улашишда бебаҳо ҳиссадир. 

Бироқ бу йўллар яроқсиз ҳолга келса, қиш ва баҳорнинг қор-ёмғирлари натижасида лойгарчиликлар, кўлмак сувлар аҳолининг оворагарчилигига сабаб бўлса, барчада бирдек ташвиш уйғотади.

Вилоятимизда юзага келган ҳақиқий ҳолат ва унинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ йўл тармоғи ҳолатини сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда, 2018 йилда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан партиянинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида туман, шаҳарлардаги ички йўллар ҳолати бўйича ўрганишлар олиб борилди. Айниқса, Хатирчи туманидаги “Боғишамол”, “Майдон”, “Қўрғонтепа”, “Найман”, “Олтинсой”, “Сарой”, “Қорача”, “Деҳқонобод” маҳаллаларидаги аҳоли билан ўтказилган учрашувларда ҳудуддаги ички йўллар кўп йиллардан буён таъмирланмасдан келинаётганлиги маълум бўлди.

Натижада Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунининг вилоятдаги ижроси, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолати ўтган йили Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига ташаббус масала сифатида олиб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Қарор ижроси юзасидан маҳаллалардаги таъмирталаб йўллардаги муаммолар бугун бартараф этилмоқда. Хусусан, Хатирчи туманидаги “Найман”, “Сарой”, “Ўзбекистон”, “Қорача” маҳаллаларида қайта таъмирланди. “Қосим Раҳмат”, “Тама баҳрин” маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида ички йўллар янгидан асфальтланиб, аҳоли ихтиёрига топширилмоқда.

- Ўнқир-чўнқирлар машиналарнинг ҳаракатланишида, айниқса, баҳор ойларида болаларимизнинг мактабга боришида қийинчилик туғдирарди. Қурувчиларнинг меҳнати билан йўлимиз қайта таъмирланди. Бу эса аҳолимизнинг кайфиятини кўтармоқда, - дейди “Тама баҳрин” маҳалласида яшовчи фуқаро Эргаш Холманов.

Юртимиз қишлоқларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан бугун халқимиз мамнун. Дахлдорлик ҳисси ошиб бормоқда. Маҳалла йўлларидаги турли хил кавлаш, қувур ётқизиш каби бузилишларни қайта тикламаслик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини доимий равишда кучайтириб бориш, бу борада депутатлик назоратини ўрнатиш долзарб масалалардан биридир.

Нуриддин РАЖАБОВ,

“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!