Ҳаёт “Адолат” билан гўзал...

20.12.2019 15:12:24

32-Ховособод сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзод, элимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоилов ўз сайловчилари билан учрашди.

Ховос тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 19-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда 32-Ховособод округ раиси Бекназар Ғоипов, 311-сайлов участкаси раиси Аброр Эгамназаров, маҳалла фуқаролари фаоллари қатнашди.

Номзоднинг ишончли вакили Ғойибназар Райимназаров сайловчиларни Муҳаммад Исмоиловнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.

Йиғилишда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли, 19-мактаб кузатув кенгаши раиси Қурбонбой Хонназаров сўзга чиқиб, элнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил ҳақида шундай деди:

- Муҳаммаджон кўз ўнгимизда катта бўлган йигит, унинг отасини жуда яхши танир эдим. У ўзининг ҳалол меҳнати билан фарзандларига муносиб тарбия берди. Мана, бугун ўша тарбиянинг натижаси - оддий қишлоқ йигити элнинг севимли шоири бўлиб етишди.

Халқнинг суюкли шоираси Ҳалима Худойбердиева Муҳаммаджон ҳақида: “Менинг ишонган шогирдим Муҳаммаджон ишларимни давом эттиради”, деган эди. Мана, бугун Муҳаммад Исмоил Ҳалимахоннинг ишончини оқлаяпти. Ўзимизнинг элимиздан чиққан, ўзимиз билан бирга юрган инсонга овоз берсак, халқнинг дардига шерик, унинг оғирини енгил қила оладиган, маънавиятини юксалтира оладиган ишончли вакил бўлади, дея таъкидлади.

Йиғилишда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Неъматулло Норқўзиев, Ховос тумани 19-мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Мустафоқуловлар сўзга чиқиб, элнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил Ховоснинг фахри, ифтихори, ховосликларнинг ғурури, шаъни эканлигини, унинг учун овоз бериб, жамиятда адолатнинг янада барқарор бўлиши, ҳаётимизнинг ўзгариши, ривожланиши учун ҳисса қўшишларини айтиб ўтдилар.

Элнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил сайловчилар билан учрашув чоғида депутат сифатида Ховоснинг фарзанди бўлиб, келгусида амалга оширадиган ишлари ҳақида ўртоқлашди.

-Мен Ховос шаҳрида туғилганман, деҳқон фарзандиман. Оддий меҳнаткаш одамнинг фарзанди катта даргоҳларда ўқиши орзу эди. Шижоат, шиддат бўлса ҳеч бир нарса инсонни йўлдан қайтара олмайди. Мен ўз билимим, ўз кучим билан олий ўқув юртига кирдим. Гуруҳимизда зукко йигит-қизлар кўп эди. Лекин ўшаларнинг орасида бўлиш учун тинимсиз ўқидим, изландим. Бугун мана шу ердаги ёшлар ҳам ҳаракат қилса, албатта, ўз мақсадларига эришади. Ёшларимиз орасида Америка, Кореяда ўқиб, нуфузли олийгоҳларда ишлаётганлар бор. Ўзбек фарзандлари дунёнинг барча ҳудудларида ўзининг билими, иқтидори билан ўқиб, ишлаб юрибди. Сирдарёда ҳам иқтидорли болалар жуда кўп. Бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз – олий ўқув юртига ҳужжат топширган ёшларни тўлиқ олийгоҳларга қамраб олишга ҳаракат қиламиз. Янгиерда, Ховосда олий ўқув юртларининг филиалини, униветситетларнинг факультетларини очиш бизнинг эзгу ниятимиз. Халқнинг қандай таклифлари бўлса, доим кўмак беришга тайёрмиз – деди номзод.

Шунингдек, йиғилиш якунида номзод Муҳаммад Исмоилов ўз қаламига мансуб китоблардан 19-мактаб кутубхонаси ҳамда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини аъзоларига совға қилди. Мухлислар шоирнинг қаламига мансуб китобларига дастхатлар қўйдиришди, эсдалик учун суратга тушишди.

Моҳидил ЗИЯЕВА,

Халқ маорифи аълочиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+