Ҳокимлик мутасаддиларининг парвойи фалак

10.10.2019 10:10:58

Наманганни гуллар шаҳри дейишади. Ҳақиқатан ҳам Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғини, унинг атрофидаги кўчаларни айлансангиз, ранг-баранг гулларни, атрофдаги озодалик ва саранжом-саришталикни  кўриб, баҳри-дилингиз очилади. Аммо айрим жойлар ҳам борки, ҳолатга боқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Ҳамроҳ ва Истиқлол кўчалари туташган бурчакдан яқин орада ўтган наманганликлар ва шаҳар меҳмонларининг оғиз-бурунларини беркитишдан ўзга чоралари йўқ. Чунки бу ердаги ахлатхона ҳафталаб тозаланмайди. Аҳоли олиб чиқиб ташлаган нарсалар орасида ачийдиган ва сасийдиганлари ҳам бор. Уларнинг қўланса ҳиди атрофни тутган. Касаллик тарқатувчи пашшалар ғужғон ўйнайди. Бундай нохуш ҳолатдан аҳоли ниҳоятда азият чекмоқда.

– Уйимиз мана шу ахлатхонадан эллик-олтмиш метр нарида, - дейди “Нурафшон” маҳалласи фуқароси Маликахон Эргашева. – Бу ердан тарқалаётган бадбўй ҳидларга, пашшалар хуружига тоқат қилиб бўлмаяпти. МФЙ раиси Соҳибахон Холмирзаевага бир неча маротаба мурожаат қилдик. Лекин ҳозиргача ҳеч қандай натижа чиқмади. Ҳокимлик мутасаддилари, санитария назорати, ободонлаштириш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” корхонаси вакилларининг ҳам парвойи фалак...

Маликахон опанинг фикрларини Мунаввархон Ғафурова, Мунаввархон Сатторова, Турсунхон Турғунова каби қўни-қўшнилар ҳам тасдиқлашди.

 Шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларнинг мутасаддилари тезда зарур чораларни кўриб, “Нурафшон” маҳалласидаги экологик вазиятни яхшиланишини таъминлайдилар, деб ўйлаймиз.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!