Хоразмда дастурий ғоялар кенг тарғиб қилинди

08.10.2019 18:10:57

Айни кунларда, мамлакатимизнинг барча жойларида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан долзарб мавзуларда,  халқ манфаати, аҳоли истакларини ўзида мужассам этган шиорлар асосида митинг, акция ва сайллар ташкил этилмоқда.

Партия томонидан Хоразм вилоят Янгиариқ туманидаги маданият ва истироҳат  боғида “Адолат - ҳар бир инсон учун!” шиори остидаги акция  ҳам ана шу мақсадга қаратилди. Сайлга кенг жамоатчилик,  туман ва  партия фаоллари, ҳайриҳоҳлари, депутатлари,  воҳага таниқли санъаткорлар ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Партиянинг дастурий-ғояларини омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбирнинг даставвалида ўрин олган митингда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси  Наримон Умаров сўзга чиқиб, жамият ҳаётидаги ва бошқа долзарб масалалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида эътибор қаратилмасдан йиғилиб қолган муаммоларни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар  ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар  “Ёш адолатчилар” қаноти вакилларининг партияга доир викторина саволлари,  партия қошида ташкил этилган “Истеъдод” клуби аъзоларининг саҳна кўринишлари ҳамда Янгиариқ туман болалар спорт мактаби ёш спортчиларнинг чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Юзма-юз мулоқотларлар партиянинг омма орасида юксалиб бораётгани, ҳайриҳоҳлар сонининг ортаётганини  кўрсатди.

Шунингдек, тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан, навқирон авлодни инсон омилига жиддий салбий таъсир қилувчи диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, коррупция, “оммавий маданият” каби иллатлардан асраш ҳақида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбари томонидан  илгари сурилган  5 та ташаббус доирасида жойларда давом этаётган  улкан бунёдкорлик ишлари салмоғини янада оширишда партиянинг ролини кучайтириш борасида олиб борилаётган  ишлар тўғрисида қайд этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиянти, “Истеъдод” клуби аъзоси Акбарбек Иноятов, спортнинг бокс тури бўйича Екатерингбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Дилшодбек  Рўзметов ҳамда  Янгиариқ туман Кенгаши депутати, “Чамангул” фермер хўжалиги  раҳбари Отаназар Рўзметовлар партиянинг  ташаккурномаси билан тақдирландилар.

 

                                                                                                                 Замира  АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                          Ўзбекистон “Адолат”  СДП,

                                                                                     Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+