Хотин-қизлар ташаббускорлиги ортиши нималарга боғлиқ?

06.03.2020 20:03:37

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Олмазор туман Кенгашлари тумандаги фаол аёллар ҳамкорлигида хотин-қизларнинг жамиятда фаолликларини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Сен бунга ҳақлисан” мавзусидаги маданий-маърифий тадбирни ўтказди. Олмазор туманидаги 224-мактабда бўлиб ўтган тадбирда шаҳар ва туман Кенгашларининг фаол депутат аёллари, “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари, ёш хотин-қизлар, “Ўзбекойим” фольклор рақс ансамбли жамоаси, талаба ёшлар, ички ишлар органларининг аёл ходималари, спортчилар, Глиер номидаги мусиқа академик лицей қошидаги “Дуторчи қизлар” ансамбли ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. Жумладан, 2018 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида жойларда диққатга сазовор ишлар олиб бориляпти.

Мазкур тадбир ҳам айнан юқоридаги фармон ижроси юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида ўтказилди.

Тадбир давомида жамиятда фаол, ўз фаолияти орқали кўпчиликка намуна бўлиб келаётган хотин-қизлар нутқ сўзладилар. Шунингдек, катта ҳаёт остонасига кириб келаётган ёш қизларга ўзларининг таклиф ва тавсияларини бериб ўтишди. Лицей, мактаб ҳамда туман маданият бўлимидан ташриф буюрган ижодкор, фаол ўқувчилар ва аёллар рақс, куй-қўшиқлар, ва саҳна кўринишларини ижро этишиб томошабинларга ҳуш кайфият улашишди.

Бахром ВАЛИЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+