Хотин-қизларни касбга тайёрлаш марказлари керак(ми?)

26.10.2020 17:10:02

Мамлакатимизда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш, бандлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугун бу борада амалга оширилаётган ишлар шахсан Президентимиз назоратида эканлиги халқимизга маълум.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев  раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан “Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак” деган таклифлари мени ҳам шу мамлакат фуқароси, қолаверса ўзбек аёли ва она сифатида бефарқ қолдирмади.

Қадимдан ўзбек хонадонларида аёллар, қизлар шу оила эркакларининг ор-номуси, шаъни ҳисобланган. Эркаклар оила иқтисодини, тинчлиги ва фаравонлигини таъминлаш учун тинимсиз меҳнат қилганлар. Аёллари эса турмуш ўртоғига садоқатини, аёллик ҳаёси, иффатини сақлаб, уларга елкадош бўлиб меҳнат қилиб оилани асраганлар.

Бир савол туғилади! Бугун-чи? Тинч юртда яшаяпмиз. Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган мамлакатда умргузаронлик қилаяпмиз. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилаяпти. Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар ҳақ-ҳуқуқлари тенглиги қонун йўли билан белгилаб қўйилди.

Яна савол туғилади. Нега шундай даврда яшаб ҳам айрим фуқароларимизда ношукрлик ҳисси пайдо бўлмокда? Оиласига хиёнат қилаётган, аёлини хўрлаётган, фарзандларини тан олмаётган, ўзи уйда-аёли чет элда юрган эркаклар, ўз жонига қасд қилаётганлар,  фоҳишахоналарда “ризқини териб юрган” аёл номи остидаги “капалаклар”, фарзандларини никоҳсиз дунёга келтириб, пуллаётган ёки ташлаб кетаётган оналар, тўйларда, тунги барларда ярим яланғоч бўлиб, эркаклар ичида беҳаёларча рақсга тушаётган, юзидан ҳаё пардаси кўтарилган қиз-жувонларни жамиятимизда борлиги аянчли ҳол. 

“Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак” деган таклиф балки юқорида келтирилган аянчли ҳолатларга ҳам барҳам берилишига замин яратади деб ўйлайман. Сабаби  хотин-қизлар учун “Оқсоч аёллар” ўқитиладиган марказлар ташкил этилиб, оила маданияти, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий билимлар, чет тилида сўзлашув ўргатилса, балки ўзга юртларда чет тилини билмай қийналган, ўз ҳуқуқини билмай меҳнатининг пулини ололмай сарсон бўлган, қонунни билмай ўзгаларга ишониб, алданиб қолган, чет давлатларда оғир меҳнат қилаётган, энг ачинарлиси ўзга юртларда номаҳрам, отаси тенги эркакларга энагалик қилаётган хотин-қизларимиз сони камайган бўлармиди?

 

Дилафруз ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Каттақўрғон шаҳар

Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+