Ҳудудий кенгашнинг ярим йиллик фаолияти таҳлил қилинди

08.07.2020 11:07:20

Ўзбекистон “Адолат”  СДП  Фарғона  вилояти  Кенгашида жорий йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлари юзасидан Кенгаш ижроия қўмитасининг  навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

   Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври мамлакатимиз учун ниҳоятда синовли бўлди. Коронавирус пандемияси сабабли аҳоли ўртасида ишсизлар сони ортиши, айрим оилаларда моддий танглик юзага келишига олиб келди.  Бу ҳолат мутасадди ташкилотлар  вакиллари қатори, айнан партия вакилларининг, сайловчилар олдида  депутатларнинг масъулиятини оширди.

 Бу давр мобайнида Кенгаш томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кўплаб ишлар амалга оширилди.  Оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар етказилди. Қолаверса, Кенгаш фаоллари, томонидан 10 тадан 80 тагача оила ихтиёрий равишда оталиққа олинди. Ҳудудлардаги хонадонлар, кўчалар, аҳоли гавжум бўлган жойлар дезинфекцияланди, зарур тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

  Вилоят Кенгаши ишчи гуруҳи 15 июндан бошлаб режа-жадвал асосида ҳудудий партия Кенгашларининг фаолиятини ўрганиб келмоқдалар.  Бугунги кунга қадар уларнинг еттитасидаги аҳвол билан атрофлича танишилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, 5 та  ҳудудлардаги аҳволни талаб даражасида деб бўлмайди. Иш ҳужжатлари тўлиқ шакллантирилмаган, партия электорати ўртасида зарур тарғибот ишлари олиб борилмаган.  

 Йиғилиш давомида фаолияти намунали деб топилган Фарғона ва Олтиариқ туманлари Кенгашлари раисларига эса ўз вазифасига сидқидилдан ёндошганлиги, эришган ютуқлари учун вилоят Кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси топширилди.

   Қолган ҳудудларга иш фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, аниқланган камчиликларни бартараф этишлари учун огоҳлантириш берилиб, муддат тайинланди.

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Ш.Каримов, раис ўринбосарлари – А.Умаров, К.Исроилова томонидан ҳудудий  Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, аъзолар сонини кўпайтириш ва янги БПТлар ташкил этиш масалаларида йил якунига қадар амалга оширилиши  кўзда тутилган режалар ва вазифалар белгилаб олинди.

 Жумладан, иш фаолиятида илғор ахборот коммуникацион  технологиялардан унумли фойдаланиш кўникмаларини шакллантириб бориш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятига қатъий амал қилиш, воқеа-ҳодисаларни ёритишда ва уларга муносабат билдиришда  ҳолислик, адолат мезонларига  риоя этиш шулар жумласидандир.

 Шу билан бирга, партиянинг сиёсий майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашда ҳамкор ташкилотлар, ННТлар билан тизимли алоқаларни ўрнатиш муҳимдир. Бу ўз навбатида келгуси сайловларда номзодлари илгари суриладиган  билимли, салоҳиятли кадрлар заҳирасини шакллантиришга хизмат қилади. 

 

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+