Ҳунармандларда умид уйғонди

07.07.2020 16:07:22

Туманимиз ҳудуди кенг. Халқимиз азал-азалдан чорвачилик, гиламчилик, касаначилик билан шуғулланиб келган. Айниқса, қўй ва эчки жунидан гилам тўқиш анча тараққий этган. Бироқ, кейинги йилларда гиламчилик соҳасига эътибор сусайгани боис, айрим ҳунармандларнинг ишдан қўли совиган эди. Гиламчилик соҳасида қатор муаммолар юзага келганди.

     Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил, 26 июнь куни “Республикада қўлда тўқилган  гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туманимиз гиламчилик соҳаси тўқувчиларининг айни кўнглидаги иш бўлди. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жундан қўлда гилам тўқиш соҳасини ривожлантириш ушбу ноёб санъат асарини бозор талабларига уйғунлаштириш, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни  мазкур соҳага кенг жалб этиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида қабул қилинган қарор ижросини  таъминлашга киришилди.

     Чироқчи, Кўкдала ҳудудида саноат корхоналари камлиги туфайли халқимиз асосан миллий ҳунармандчилик билан шуғулланади. Кейинги йилларда полиздан ҳам яхши ҳосил етиштириб, республикамиз шаҳар ва қишлоқлари аҳолисига етказиб берилаяпти. Гиламчилик соҳасида эса кўпчилик машғул.

     Президентимиз қарорига асосан Қашқадарё вилоятида “меринос” зотли  қўй ва “ангор” зотли эчкилар етиштириш учун 3 минг гектар яйлов ер майдонлари ажратилаётгани  келгусида гиламчилик соҳасини янада ривожлантиришни  таъминлайди.

     Қарорга асосан жорий йил 15 июлдан бошлаб қўлда гилам тўқиш билан шуғулланувчилар 3 нафардан кам бўлмаган иш ўрни яратиб, гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади. Қўлда гилам тўқиш билан шуғулланаётганларга  республикамизда фаолият олиб бораётган банклардан  кредит ажратиш ҳам йўлга қўйилади. 2021 йилдан эътиборан ҳар икки йилда бир марта пойтахтимиз Тошкент шаҳрида қўлда тўқилган гиламлар халқаро фестивали ўтказилади. Бундан ташқари қарорда  назарда тутилганидек, жун, калаваланган жун, қўлда тўқилган гиламларни олиб киришда импорт божлари бекор қилинмоқда.

     Шу кеча-кундузда партиямиз фаоллари ва депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан аҳоли ўртасида Президентимиз қарорини тарғиб этаяпмиз. Кўкдала ҳудудимиздаги 10 та маҳаллада кичик ишлаб чиқариш цехлари ҳамда хонадонларда гилам тўқиётган  ва тўқишга иштиёқи бўлган ҳунармандларга ҳуқуқий йўл-йўриқ ва кўмак кўрсатаяпмиз. Август-сентябрь  ойларида ҳамкор ташкилотлар билан туманимиздаги обод маҳалла, кўркам хонадондаги гиламчиликка оид семинар, ярмарка, кўргазмалар ташкил этамиз. Келгусида туманимиз гиламчилик соҳаси тўқувчилари маҳсулотларини экспорт қилишларида ҳам автомобил, темир йўл, ҳаво транспортида ташиш харажатларига 50 фоизигача  миқдорда компенсация қилиниб, субсидиялар ажратилаётгани катта имкониятлар эшигини очди.

     Умуман, Президентимизнинг ушбу қарори республикамизнинг барча маҳаллаларида қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантиришда аҳамияти беқиёс.

 

Фарход ЖУМАНОВ,

Халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи

аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+