Ҳуқуқий маслаҳатхона: Қутидаги шарбатларга қонуний назорат борми?

14.03.2020 10:03:40

2020 йил 4 март куни “Мева ва сабзовотлардан олинган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Шарбат, морс, қуйқа...

Регламентда келтирилишича:

Шарбат – ачитилмаган, аммо ачиши мумкин бўлган сифатли, тегишли даражада пишган, янги мева, сабзовотлар ва резавор меваларга жисмоний таъсир кўрсатиш йўли билан олинган суюқлик.

Морс – резавор меваларга механик ишлов бериш йўли билан уларга ичимлик суви, шакар, шакар моддалари, асал қўшиш орқали олинган шарбат ва (ёки) пюредан тайёрланган суюқ озиқ-овқат маҳсулоти.

Мева (сабзовот) қуйқаси – меваларга (сабзовотларга) ишлов бериш вақтида уларнинг бузилган тўқималаридаги эримайдиган муаллақ заррачалардан иборат аралашма.

 

Болалар учун шарбатларга алоҳида талаблар

Болалар озуқа маҳсулотлари учун шарбат маҳсулотлари – кичик ёшдаги (3 ёшгача), мактабгача ёшдаги (3 ёшдан 6 ёшгача) ва мактаб ёшидаги (6 ва ундан юқори) болалар озуқаси учун мўлжалланган ва тегишли ёш гуруҳидаги болалар организмининг физиологик эҳтиёжларига жавоб берувчи шарбат маҳсулоти.

Кичик ёшдаги болалар учун шарбат махсулотларига хушбўй хид берувчилар, ранг берувчи моддалар, консервантлар ва ранг берувчи экстрактларни қўшишга йўл қўйилмайди. Улар учун шарбат махсулотлари 0,35 литрдан кўп бўлмаган қадоқларда муомалага киритилиши лозим.

Кичкинтойлар учун шарбат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фақат сут, вино, олма кислоталарининг ва улар тузларининг табиий изомерларини қўллаш мумкин.

Ҳаётининг биринчи йилидаги болалар учун шарбат маҳсулотларининг истеъмол қадоғида боланинг ёши (ойлар билан) кўрсатилади, шу ёшдан бошлаб мазкур маҳсулотлар болалар рационига киритиш тавсия этилади. Тўрт ойдан кичик боланинг ёшини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

 

Хид берувчилар ишлатилмайди

Бошоқли ўсимликлар, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар экстрактлари ва бошқа экстрактлар озиқ-овқат ва биологик фаол моддалар манбаи бўлиши мумкин.

Шарбатлар, нектарлар, пюреларни ишлаб чиқаришда хушбўй хид берувчиларни ишлатиш тақиқланади.

Ош тузининг миқдори, агар болалар учун мўлжаланган сабзовотлардан тайёрланган шарбат маҳсулотларига қўшилса, қуйидаги миқдорда бўлиши керак:

Кўпи билан 0,4 фоиз – ёш болалар учун, 12 ойдан ошган болалар учун мўлжалланган томат шарбати бундан мустасно;

Кўпи билан 0,6 фоиз – 12 ойдан ошган болалар учун мўлжалланган томат шарбати учун;

Кўпи билан 0,6 фоиз – мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун.

 

Қуйқалими ёки тиндирилган?

Тамни бир хиллаштириш мақсадида шарбатларга шакар, шакар моддалар, уларнинг эритмалари ёки сиропларини тайёр маҳсулот оғирлигининг 1,5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда қўшиш мумкин. Бу шарбатнинг эрийдиган қуруқ моддалари ўрнини босиш мақсадида амалга оширилиши мумкин эмас. Тўғридан-тўғри сиқилган шарбатларга шакар ва шакар моддалар сиропини эрийдиган қуруқ моддалар ўрнини босиш мақсадида қўшишга йўл қўйилмайди.

Шарбатлар ва мева-сабзовот нектарларининг истеъмол пакетларига тайёр маҳсулот таркибида тегишли қуйқанинг ҳажми улуши камида 8 фоиз бўлса ёки бундай маҳсулот таркибида цитрус мевали ҳужайралар бўлса, “қуйқа билан” ёзуви жойлаштирилади.

“Тиндирилган” ёзуви чўкманинг масса улуши 0,3 фоиздан ошмаган тақдирда жойлаштирилади.

 

Ёзувдаги талаблар

Шарбат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда аскорбин кислотасидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар, агар тайёр маҳсулотдаги аскорбин кислотасининг қолдиқ миқдори унинг табиий даражасидан ошмаса, бундай маҳсулотларнинг таркиби тўғрисидаги маълумотларда кўрсатилмайди.

Аскорбин кислотасини антиоксидант сифатида қўллаш шарбат маҳсулотининг истеъмол қадоғига “С витамини билан” ёзувини жойлаштириш учун асос ҳисобланмайди.

Шакар, шакарлар ёки уларнинг аралашмалари қўшилган шарбатларнинг номлари “шакар билан” ёки “шакарлар билан” сўзлари ила тўлдирилиши лозим.

Агар там берувчилар мева-сабзовот нектарини ёки мева-сабзовот шарбатли ичимлик ишлаб чиқаришда ишлатилса, “там берувчи билан” ёки “там берувчилар билан” сўзлари қўшилиши керак.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби кўрстилгандан сўнг бевосита “таркибида там берувчи (там берувчилар) мавжуд. Ҳаддан зиёд истеъмол қилинганида кучсизлантирувчи таъсир кўрсатиши мумкин” сўзлари қўшилиши керак.

 

ФАКТ:

Олма шарбати – ичакларни токсин ва хилтлардан тозалайди, буйрак фаолияти ва тери ҳолати учун фойдали. Терининг таранглиги ва қайишқоқлигини оширади. Қондаги холестерин миқдорини туширади.

Апельсин шарбати – озишни истаганлар учун энг яхши танлов. У ёғларни эритади, мия фаолиятини яхшилайди, инсульт ва инфарктнинг олдини олади.

Узум шарбати – жигар ва буйрак фаолияти учун фойдали. Бу икки аъзони ҳам тозалайди.

Ўрик шарбати – тетиклик бағишлайди, юракка қувват беради, иммунитетни кўтаради.

Сабзи шарбати – кўз нурини оширади, онкологик хасталиклардан ҳимоялайди, қондаги гемоглобин миқдорини оширади.

Каром шарбати – тиш, соч, тирноқларни мустаҳкамлайди, неврозни даволайди.

Лавлаги шарбати – калий, магний, темирга бой, бир қанча касалликлар - анемиядан саратонгача профилактика қилади.

         *Табиий шарбатлар назарда тутилмоқда

 

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+