Ҳуқуқий маслаҳатхона: Вояга етмаган шахс жиноят содир этса...

30.11.2019 16:11:22

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 60-бобида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш баён этилган. Унда жиноят қилгунга қадар 18 ёшга тўлмаган шахслар назарда тутилган.

Қонуний вакил иштирокида

Вояга етмаганнинг жиноятлари ҳақидаги ишни юритишда қонуний вакилнинг қатнашиши шарт.

Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига суриштирувчи ёки терговчининг қарори бўйича вояга етмаган шахсни гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида биринчи сўроқ қилиш пайтидан бошлаб йўл қўйилади.

Қонуний вакил ўз ҳаракати билан вояга етмаган шахснинг манфаатига зарар етказади деб ҳисоблаш учун асос бўлса, суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суднинг ажрими билан вояга етмаганнинг қонуний вакили ишда қатнашишдан четлаштирилиши мумкин. Бундай ҳолда вояга етмаган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш бошқа қонуний вакилга ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакилига топширилади.

Суд вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар кўриладиган вақт ва жой ҳақида уларнинг ота-онасини, ота-она ўрнини босувчи шахсларни, вояга етмаганлар ўқиган ёки ишлаган корхонани, муассасани, ташкилотни, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияни, зарур бўлса, бошқа ташкилотларни ҳам хабардор қилади. Суд бу ташкилотларнинг вакилларини, судланувчининг васий ёки ҳомийсини суд мажлисига чақиришга ҳақлидир.

Вояга етмаган шахсга айблов эълон қилиш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этишга ҳақлидир.

Вояга етмаган гумон қилинувчи ва айбланувчи ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинади.

Сўроқ қилиш чоғида суриштирувчининг, терговчининг рухсати билан вояга етмаганнинг қонуний вакили иштирок этиши мумкин.

6 соатдан ортиқ сўроқ қилинмайди

Ҳимоячи ва қонуний вакил гумон қилинувчига ва айбланувчига саволлар беришга ҳақли. Сўроқ охирида ҳимоячи ва қонуний вакил баённома билан танишиш ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдиришга ҳақлидир.

Вояга етмаган гумон қилинувчини, айбланувчини сўроқ қилишга кетган умумий вақт, кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда, олти соатдан ошмаслиги керак.

Вояга етмаган айбланувчини сўроқ қилишда суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг ихтиёрига кўра педагог ёки психолог иштирок этиши мумкин. У суриштирувчининг, терговчининг рухсати билан айбланувчига саволлар беришга, сўроқ тугаганидан сўнг эса, сўроқ баённомаси билан танишиб, баённомадаги ёзувларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги ҳақида ўз фикрларини ёзма равишда беришга ҳақлидир.

Вояга етмаган шахс ота-онасининг, ҳомийлар, васийларнинг қаровига ёки, башарти у болалар муассасасида тарбияланаётган бўлса, шу муассаса раҳбарларининг қаровига ҳам берилиши мумкин.

Вакил ёки қариндошга хабар берилади

Вояга етмаган айбланувчига нисбатан эҳтиёт чоралари қўлланилгани тўғрисида унинг қонуний вакилига, агар бундай вакил бўлмаса, бошқа қариндошларига хабар қилинади.

Вояга етмаган шахсни ота-онаси, васийлар, ҳомийлар ёки болалар муассасаси раҳбарларининг қаровига топшириш мазкур шахслардан биронтаси вояга етмаганнинг суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ва судга ўз вақтида келишини ўз зиммасига олишидан иборатдир.

Вояга етмаганни ота-онасининг, васийларнинг, ҳомийларнинг ёки бошқа шахсларнинг қаровига топшириш уларнинг, шунингдек вояга етмаган шахснинг ўзининг розилиги билангина амалга оширилади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд вояга етмаган шахсни қаровга топширишдан олдин ота-оналар, васийлар ёки ҳомийларнинг шахси, уларнинг вояга етмаган шахс билан ўзаро муносабати ҳақида маълумот тўплаши ва улар ўсмирни қаров остига олишни лозим даражада амалга оширишга қодир эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак.

Маҳкумлардан алоҳида сақланади

Ота-оналар, васийлар, ҳомийлар ўзларининг касалликлари, иш билан банд эканликлари, вояга етмаган шахс билан ўзаро муносабатлари ёмонлашганлиги ва шунинг оқибатида унинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлай олмасликлари сабабли вояга етмаган шахс ўз қаровларида бўлишидан истаган вақтда воз кечишга ҳақлидир.

Айбланувчи ўз вазифасини бажармаган тақдирда уни ўз қарамоғига олган шахс қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилиши мумкин.

Эҳтиёт чораларини қўллаш учун асослар бўлган тақдирда, вояга етмаган айбланувчини, судланувчини турмуш ва тарбияланиш шароитига кўра илгариги яшаш жойида қолдириб бўлмаса, у суриштирувчининг, терговчининг прокурор санкция берган қарорига ёки суднинг ажримига биноан болалар муассасасига жойлаштирилиши мумкин.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қўлланилган вояга етмаган шахслар катта ёшдагилардан, шунингдек вояга етмаган маҳкумлардан алоҳида сақланиши лозим.

Вояга етмаган айбланувчига суриштирув, дастлабки тергов тамомланганлиги эълон қилиниб, унга иш материаллари кўрсатилаётганда унинг қонуний вакили иштирок этишга ҳақли. Суриштирувчи, терговчи қонуний вакилга айбланувчини иш материаллари билан таништириш вақти ва жойи тўғрисида хабар бериши керак.

Вояга етмаган судланувчининг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек прокурорнинг фикрини эшитиб, вояга етмаган шахсга салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳолатлар текширилаётганда суд ўз ажрими билан уни суд залидан чиқариб туришга ҳақли.

Вояга етмаган шахс суд залига қайтарилганидан сўнг раислик қилувчи унга йўқлигида бўлиб ўтган муҳокама мазмунини етарли ҳажмда ва шаклда маълум қилади ва унинг йўқлигида сўроқ қилинган шахсларга савол бериши учун вояга етмаганга имконият яратиб беради.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+