Ибратли умр намойиши

08.10.2020 11:10:32

Бу йилги Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳар қачонгидан бошқача ўтди. Тошкентдаги тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев устозлар шаънига ажойиб сўзлар айтди. Таълимни ривожлантириш мамлакат келажагини, унинг тараққиётини кўп жиҳатдан белгилаши қайта-қайта таъкидланди.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, мазкур сана муносабати билан “Ибрат” фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Туманимиз маданият марказида ташкил этилган тадбирда биз, “адолат”чилар ҳам иштирок этдик. Чунки  буюк маърифатпарвар инсон ҳамюртимиз ҳисобланади. Тўрақўрғондаги азим чинорларнинг тили бўлганда, буюк маърифатпарвар аждодимизни кўрганликлари ҳақида ҳикоя қилиб берарди, албатта.

Фильмни томоша қиларкансиз, беихтиёр Исҳоқхон тўра яшаган даврлар кўз олдингизга келади. Унинг сиймосини яратган Фарҳод Маҳмудов ва Саидкомил Умаров Исҳоқхон тўранинг ёшлик шижоати ва кексалик донишмандлигини табиий ва жонли, ишонарли ифода эта олишган. Ибрат ўша даврда яшаган бошқа жадидчилик ҳаракатининг вакиллари қатори миллатни маърифат қутқаради, замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқади, деб ҳисоблаган. Бунда билимлар манбаи бўлган китобнинг аҳамияти катталигини англаб етган. Фарғона водийсида илк босмахонани ташкил этган бобомизнинг жасоратига ҳам қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Шу ўринда у иқтибос келтирган  Генрих Гейненинг қуйидаги фикри ниҳоятда ўринли эканлигини қайд этиш лозим: "Бугун китоб ёқаётган миллат эртага одамларни ҳам ёқади."

Асарда бир қатор истеъдодли санъаткорларимиз суратга тушишган. Улар орасида Эркин Комилов, Теша Мўминов, Карим Мирҳодиев, Матёқуб Матжонов, Зулхумор Мўминова ва бошқалар бор. Бу актёрлар бир қатор мураккаб образларни маҳорат билан яратишган. Улар ижобийлиги ёки салбийлигидан қатъий назар, бош қаҳрамоннинг фазилатларини янада ёрқинроқ очиб беришга хизмат қилган.

Исҳоқхон тўра Ибратнинг ҳаёт ва ижод йўли билан танишар экансиз, у чиндан ҳам ҳаммамизга ўрнак вазифасини ўташига имон келтирасиз.  Давлатимиз раҳбари топшириқларига мувофиқ туманимиз марказида  ёдгорлик мажмуаси барпо этилгани бежиз эмас. У икки гектардан зиёд майдонни эгаллаган. Бу ерда 13 миллиард сўмдан зиёд қурилиш ишлари бажарилиб, кўркам боғ-хиёбон, унинг ўртасида Ибратнинг ҳайкали, миллий меъморчилик услубидаги айвон, босмахона, илғор технологиялар асосида қурилган мусиқали фаввора, чет тилларга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат ва тарихий меъморчилик обидасида барпо этилган музейни ҳамма учун қадрли зиёратгоҳга айланган.

Фильмни томоша қилганимиздан сўнг Ибрат амалга оширган ишларни яна бир бор хаёлдан ўтказдик ва унинг хотирасини абадийлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан фахрландик ва ғурурландик. Чиндан ҳам шажараси улуғ Яссавийга бориб тақаладиган Исҳоқхон тўра Жунайдуллахонхўжа ўғли Ибрат 1862 йилда ҳозирги Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида таваллуд топган. Манбалардан маълумки, у бошланғич таълимни маҳаллий мактаб ва муҳтарам волидасидан олгач, 1878-1896 йилларда Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар мадрасасида ўқиган. Қўқон адабий муҳити намоёндалари, жумладан, Муқимий, Фурқат, Завқий, Ҳазиний ва Нодим каби шоирлар ижоди билан ошно бўлади, улар иштирокидаги мушоираларда қатнашади.

Исҳоқхон мадраса берадиган илмлар билангина чекланиб қолмади, буюк Шарқ мутафаккирлари асарларини мустақил тарзда қунт билан мутолаа қилди, араб, форс ва рус тилларини чуқур ўрганди. У ўзбек ва рус тилларида нашр этила бошланган “Туркестанские ведомости”, “Туркистон вилоятининг газети”, Туркистон зиёлилари ўртасида янги тарқала бошлаган Исмоилбек Гас­принскийнинг “Таржимон” газеталарида ўз мақолалари билан қатнашиб турди.  Қуйида унинг маърифатпарварлик фаолиятидан мисол келтирамиз.

Исҳоқхон Ибрат 1886 йилда Тўрақўрғонда  илм тар­қатиш мақсадида  мактаб очади. Унинг мактаби ҳижо методига асосланган “усули қадим” мактабларидан тубдан фарқ қилар эди. Бу ерда нисбатан илғор бўлган, саводга ўргатишда анча енгиллик вужудга келтирувчи усули савтияни — ҳозирги атама билан айтганда, аналитик товуш методини татбиқ қилди ва уни “усули қадим” тарафдорларидан, мутаассиб дин пешволаридан ҳимоя қилди. Бу, буюк маърифатпарвар бобомиз амалга оширган минглаб ишларнинг биттасигина холос.

Заҳрохон АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+