Ички йўллар муаммоси ҳал бўлишини яна 30 йил кутиш керакми?!

17.12.2020 17:12:18

Давлатимиз томонидан мамлакатимизда барча соҳаларга қаратилган эътибор, соҳаларни тубдан  ислоҳ қилиш каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг турмуш шароити анчагина яхшиланганини қайд этиш жоиз.

Аммо, хизмат сафари билан воҳамизнинг қайси ҳудудига бормайлик, фуқароларнинг аксарияти ички йўлларнинг яроқсизлигидан  қийналишаётгани тўғрисида шикоят қилишади.

Албатта, ҳар бир инсон, пиёда ёки транспортда бўладими, кунлик эҳтиёжларини қоплаш мақсадида  манзилига  қулай ва равон йўлдан юриб боришни  истайди.

Бу галги фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотимиз давомида кўриб ва эшитганларимиздан, давлатимиз томонидан берилган ва яратилган имкониятларнинг   ҳаммаси ҳам   баъзи  ташкилот раҳбарларининг  лоқайд ва бепарволиги сабаб, фуқароларимизни турмуш шароитидан рози бўлиб яшашига ҳизмат қилмаётганига амин бўлдик.  

Хусусан,  ҳар ҳафтанинг чоршанба куни  партиянинг  “Адолат – қонун устиворлигида” лойиҳаси доирасида маҳаллаларни ўрганишга бағишлангани муносабати билан  Урганч шаҳридаги  “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғинида  ўрганиш ишларини амалга оширдик.

“Камолот” МФЙ  ҳудуд жиҳатидан энг катта маҳалла  ҳисобланади, ер майдони 200 гектарни ташкил этади. 31 та кўча, 1036 хонадон мавжуд бўлиб, 5515 фуқаро истиқомат қилади.

Ўрганиш  жараёнида   маҳалла аҳолиси томонидан   “Миришкор”, “Камолот”,  “Тонг” кўчалари йўлларининг яроқсиз холатга келиб қолганидан  бахтсиз ходисалар содир бўлаётгани тўғрисида баён этишди.

-30 йилдан буён йўл муаммосидан азият чекиб келмоқдамиз, - дейди Камолот кўчаси, 10-йўлак 32 уйда яшовчи, 1-гуруҳ ногирони Ўрозгул она Абдримова.  – Маҳалламизни қайси кўчасига қараманг,  ёз-баҳор кунлари чанг тўзон, ёғингарчилик кунлари балчиқдан  ўтиб кетишга жой топмайсан.  Чанг-тўзон  гул ва мевали дархтларимизгача ўрнашиб қолмасдан, уйларимизгача кириб,  соғлигимиз учун хавф туғдирмоқда. Ёмғир сувлари 10 кунгача  уйлар  олдида  туриб қолади.

Маҳалла аҳолиси  ички йўлларнинг аҳволи тўғрисида қанчадан-қанча ташкилотларга мурожаат этишмаган.  Муаммо муаммолигича қолаверган.

- 9  йил бўлди, шу маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида, маҳалладаги ички йўллар муаммосини бартараф этиш учун  тегишли ташкилот раҳбарлари билан курашиб келмоқдаман, – дейди “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Ойсара  Мадримова. – Энг ёмони, тез тиббий ёрдам машинаси  ёғингарчилик  мавсумида маҳалла  кўчаларига кира олмай қолган пайтлари бўлган.  Маҳалламизда биронта ҳам тунги чироқларнинг йўқлиги боис тез ёрдам машинаси қоронғуликда  берилган манзилни топа олмай,  ҳар гал  менинг кўмагимга муҳтож бўлиб қолишади.  

Ёғингарчилик, чанг-тўзон пайтлари “Миришкор” кўчаси орқали 30-сон ихтисослаштирилган  мактаб, 42-сонли мактабгача таълим муассасаси, “Соғломлаштириш” шаҳобчасига қатнайдиган ўқувчи ва ўқитувчилар, айниқса боғча тарбияланувчилари, кекса нуронийлар учун нақадар оғир вазиятлар экани кўз олдимизда намоён бўлди.

Маҳалла аҳолисининг партия фаоллари, депутатларга муаммодан  ҳолос этиш учун   куйиниб ёрдам сўрашларидан, “Сўрайвериб ишончимиз ҳам  қолмади”, деб билдирган эътирозларидан хафсаламиз  пир бўлди.

Қачонгача маҳалла аҳолиси йўл  муаммосидан азият чекишади ёки  яна 30 йил кутишадими?  Бу саволга мутасадди  ташкилот раҳбарлари нима дейди?   

 

                                                                                                          Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                    Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                              Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+