Ички йўллар қачон таъмирланади?

11.11.2019 12:11:25

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги Мангузар, Солиобод маҳаллаларида йиллар давомида ҳал этилмай келаётган муаммолар мавжуд. Мазкур маҳаллаларда яшовчи аҳолидан маҳаллани туман маркази ҳамда ён томондан шаҳар билан боғловчи ички йўлларнинг таъмирталаблиги, уларда йилнинг қиш ва баҳор ойларида транспорт қатновининг чекланиши, бунинг оқибатида эса маҳаллага тез тиббий ёрдам машинасининг кела олмай қолаётганлиги ҳақида мутасадди ташкилотларга кўплаб мурожаатлар тушган.

Энг ачинарлиси, маҳаллалар фуқаролари томонидан вилоят порталига ҳамда туман ҳокимлигига бир неча мурожаат қилинган бўлса-да муаммо шу вақтгача ҳал этилмаяпти.

Хусусан, Мангузар маҳалласи Баҳор кўчасида  яшовчи аҳоли вакиллари ички кўчаларнинг носозлиги хусусида мутасаддиларга мурожаатлар қилинган бўлса-да муаммо ҳал этилмаётганлигидан куюнишади.

— Ички йўллардаги муаммолар туфайли болаларимиз мактабга келиб-кетишда қийналишмоқда, — дейди маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Шарофиддин Ҳамраев. — Ишга ёки бирор юмуш билан кўчага чиққан киши борки йўл носозлиги, лой кўчалардан юришга қийналадилар. Бир неча маротаба мутасадди раҳбарларга, туман ҳокимиятига мурожаат қилганмиз, келиб кўриб кетишган, лекин натижа бўлмади. Ўзимиз бир амаллаб қўлда тош териб, пиёда йўлаги қиляпмиз.

Бугун шу каби йўл муаммосини Мангузар МФЙда бир қанча кўчаларда учратиш мумкин. Туман аҳли “Йўлларимиз қачон йўлга ўхшайди, бизда ҳам қачон ободончилигу ўзгаришлар бўлади?”дейишмоқда. Балки бу саволга туман мутасаддилари аниқроқ жавоб беришар.

Аммо кишини бошқа масала ўйлантиради. Наҳотки ўтган йиллар мобайнида туманда ички йўлларни яхшилаш борасида биронта ҳам иш қилинмаган бўлса?! Ёки наҳотки бу йўллар шу вақт давомида бирон маротаба ҳам Давлат дастурига киритилмаган бўлса?! Агар киритилган бўлса, унда нега ҳеч қандай иш қилинмаган?! Қачондир бунга кимдир жавоб берадими ёки “ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ ҳолида” қолиб кетаверадими?

Сардорбек ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+