Ички йўллар равонлашса, тараққиёт ҳам тезлашади

20.01.2021 11:01:00

Йўллар аҳоли турмуш фаровонлиги, мамлакат тараққиётини белгиловчи мезонлардан биридир. Зеро, қаерда бундай ишлар кенг қулоч ёзса, ўша жойда тараққиёт тезлашади, аҳоли ҳаёт тарзи юксалиб боради.

Ҳар бир куннинг ўз юмуши бор, дейдилар. Тирикчилик, рўзғор ташвиши, ишхонада зиммадаги вазифаларни бекаму кўст уддалаш — буларнинг барчаси вақтдан унумли фойдаланишни талаб этади. Очиғини айтганда, йўл носозлиги, автобус кечикиб келиши каби ноқулайликлар ҳам вақтингиз беҳуда сарфланишига сабаб бўлади. Демак, одамларнинг ишида унум бўлиши ички йўлларнинг равонлигига ҳам боғлиқ.

Бу борада бошқа соҳа мутасаддилари қаторида депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан ҳам ўрганишлар давомида ҳудудларда бир қатор ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолганини аниқлаб, чора-тадбирлар кўриб бориляпти. Жумладан, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутатлик гуруҳи депутатлари тумандаги маҳаллалар ички кўчаларини созлаш юзасидан амалий ишларда бош-қош бўлишяпти. Хусусан, тумандаги “Буйрачи”,  “Истиқлол”, “Абдураҳмон Жомий”, Намуна” каби  МФЙлар  кўчаларида ички йўлларни депутатларимиз саъй-ҳаракати билан таъмирланганлигини эътироф этиш мумкин.

Яқинда депутатлик гуруҳи томонидан яна бир савобли иш амалга оширилди. 

Халқ депутатлари Денов туман кенгаши депутати Ўткир Ражабовга  юзма юз мулоқотларда тумандаги “Қайтмас” МФЙ фуқароларидан мурожаат келиб тушди. Аҳоли ички йўлларни таъмирлаш масаласида ёрдам сўради. Қишнинг қировли, қорли, ёғин-сочинли кунларида абгор йўллар аҳолига анча қийинчилик туғдираётган эди. Депутат масалага жиддий кўз билан қаради. Мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборди. Ташаббус, амалий ҳаракат бесамар кетмади. Айни кунда маҳалланинг кўчаларини таъмирлаш ишлари олиб борилди. Депутатимиз ташаббуси билан маҳалланинг 4 километр ички йўлига тош ётқизилди, янгидан асфальтланиб аҳоли ихтиёрига топширилди.

Зуҳра Авазова, “Қайтмас” МФЙ фуқароси:

- Ўнқир-чўнқирлар машиналарнинг ҳаракатланишида, айниқса, баҳор ойларида болаларимизнинг мактабга боришида қийинчилик туғдирарди. Депутатимизнинг сайъ-ҳаракати ва меҳнати билан йўлимиз қайта таъмирланди. Бу эса аҳолининг кайфиятини кўтармоқда. Мушкулимизни осон қилган халқ ноибларига ўзимизнинг чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Юртимиз қишлоқларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан бугун халқимиз мамнун. Дахлдорлик ҳисси ошиб бормоқда.

Партия фаолларининг таъкидлашича, очиқ мулоқотлар аҳоли билан яқин алоқада ишлаш муҳитини яратади. Фуқаролар ўз муаммоларини депутатлар билан бемалол бўлиша олади. Бу бўлишиш мавжуд муаммолардан хабардор бўлишгина эмас, уларни аниқ ҳал этишга  кўмаклашиш учун ҳам зарурдир.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

                                                                                                     

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+