Ижодкор ўқувчилар партия эътиборида

29.01.2021 18:01:56

“Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини юзага чиқариш, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этиш вазифалари белгиланган.

Бугун мазкур Фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдукамол Рахмонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамиров иштирокида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси  ҳамда 19 январь куни давлатимиз раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалар юзасидан Ўрта Чирчиқ туманидаги 59, 63, 66, 68 - умумтаълим мактабларида педагог-ўқитувчилар ҳамда ўқувчи ёшлар билан учрашди.

Мулоқот давомида Давлат дастури лойиҳасида берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим муассасаларида тўгараклар ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Хусусан, тумандаги 66 умумтаълим мактаби иқтидорли ўқувчилари билан учрашув жараёнида “Ёш ижодкорлар”, “Умид ғунчалари” тўгараклари ташкил этиш таклифини педагоглар жамоасига билдирди ва ушбу билдирилган таклиф қўллаб-қувватланди.

Учрашув давомида мазкур мактабнинг ижодкор ўқувчиларидан 11- синф ўқувчиси Муниса Эркинованинг шеърий чиқиши тингловчиларда катта тааассурот қолдирди. Ёш ижодкорнинг қирқдан ортиқ шеърларини партия томонидан тўплам қилиб нашрга беришга келишиб олинди.

Шунингдек, учрашув давомида А.Рахмонов жорий йилнинг февраль ойида партия томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 6-11-синф ўқувчилари учун Республиканинг таълим муассасаларида “Коррупцияга қарши кураш” мавзуларида ўтказилиши режалаштирилаётган иншолар танловида фаол иштирок этишга чорлади.

Тадбир якунида иштирочилар ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашдилар ва ҳамкорликда истиқболли масалалар юзасидан келишиб олинди.

 

 Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+