Икки бор кредит берилмаслигига ҳуқуқий асос борми?

30.06.2020 20:06:14

37-Қурувчилар округидан сайланган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Бахром Валиевнинг Яшнабод туман маҳаллаларидаги ўрганишлари давом этмоқда. Хусусан,  яқинда “Бунёдкор” маҳалла аҳли билан учрашиб, кўплаб фуқаролар мурожаатларини ўрганди. Маълум бўлишича, бу ерда ҳам қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. МФЙ раиси Ғайрат Холмуродовнинг таъкидлашича, маҳалла ҳудудида бўш ётган 10 сотих ер майдони мавжуд. Бу ердан мақсадли фойдаланилса, автотураргоҳ қуриш мумкин. Ўз навбатида мазкур иш тирбандликни вужудга келтираётган маҳалла кўчаларини бир маромда тартибга солишга ёрдам беради. Мурожаатдан сўнг депутат ер майдонини ишчи гуруҳи билан бориб ўрганди. Дарҳақиқат, бу  масала  чиндан-да долзарблиги ойдинлашди. Қолаверса, ер майдони атрофида яшайдиган аҳоли билан мулоқот қилинганида, маҳаллага болалар майдончаси зарурлиги, йўллар тирбандлиги боис болаларнинг кўча-куйда ўйнаши ҳаётлари учун хавф туғдириши мумкинлигини айтишди. Депутат бу муаммоларни шаҳар ҳокимиятига депутатлик сўрови чиқариш орқали ҳал этиши мумкинлигини билдирди.

         Шунингдек, ушбу маҳалланинг Висол кўчасида истиқомат қилувчи Мавжуда Набиева анчадан буён дорихона очиш ниятида эканлигини, қандай йўл тутса масаласи ҳал этилиши мумкинлиги бўйича депутатдан кўмак сўради. Б.Валиев унга бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш бўйича ўз тавсияларини берди. Пенсионерларнинг нафақаси кеч келаётганлиги (маҳалла фаолларининг келтирган маълумотига кўра, пенсиялар ойнинг 20-санасидан ўтиб келади) муаммосига ҳам депутат эътибори қаратилди. Айрим кам таъминланган оилалар шу туфайли коммунал тўловларни ўз вақтида тўлай олмаётганлигини айтишди.

         Маҳалла фуқароси Дилором Ўсарова эса ховлисининг ёнидан анҳор оқиб ўтиши туфайли уйининг пойдевор қисмидан бошлаб зарар етаётганлиги, бу сув оқиб кетмасдан бир жойга йиғилиб қолаётганлигини куйиниб сўзлади. Бир неча бор Яшнабод туман ҳокимиятига муаммони ҳал этишни сўраб, мурожаат этса-да, бир ҳилда рад жавоби бериб келинаётганлигини таъкидлади. Агар бетон ариқ ва қувур билан ёрдам берилса, қолган ишни маҳалла фуқароларининг ўзи хашар йўли билан битказишга тайёр эканликларини маълум қилишди. Депутат ушбу масалани ҳам тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш орқали ҳал этишга ваъда берди.

Толариқ кўчасида эса аҳлат тўпланиб қолаётганлиги, бу муаммо Ободонлаштириш бошқармаси ва УЖШУлари ўртасидаги низога сабаб бўлаётганлиги айтилди. Депутат Б.Валиев ушбу муаммо шак-шубҳасиз Ободонлаштириш бошқармасининг вазифасига киришини маълум қилди. Маҳалла аҳлини ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга чақирди.

Фуқаро Мастура Қобилованинг мурожаати эшитилганда банкларнинг ўз-ўзича мижозларга цензура ўрнатиб олганлиги орқасидан оилавий тадбиркорлик фаолияти учун кредит ололмай сарсон бўлаётганлиги аниқланди. Гап шундаки, М. Қобилова бир йил аввал “Туронбанк” дан  7 фоизга 13 миллион сўм имтиёзли кредит олган. Ушбу маблағга кичик тикувчилик цехи очган. Тадбиркорлигини янада кенгайтириш мақсадида  Халқ банкининг Яшнабод туман филиалидан яна 33 миллион сўм миқдорда кредит олмоқчи бўлиб борганида банк мутасаддилари биринчи кредит тўлаб бўлинмасдан устма-уст икки марта кредит берилмаслигини маълум қилишган. Ўз вақтида олган кредит фоизларини тўлаб бораётган фуқаро депутатдан масалага аралашиб, ёрдам беришини сўради. Депутат бу муаммога ҳам кўмак берадиган бўлди.

Мурожаатлар навбатида ижтимоий ёрдам, коммунал тўловлардан қарздорлик, хатто битмай қолган чала иморатни битказиб беришгача ёрдам сўралди. Депутат ижтимоий ёрдамга мухтож инсонларга, ҳақиқатан ишлаш қобилияти йўқ ёки чекланган фуқароларга ҳар доим ёрдам беришга шайлигини билдирди. Бироқ иморат қуриб бериш, коммунал тўловларни тўлаш каби ишлар ҳар бир фуқаронинг ўз мажбурияти эканлиги, бозор иқтисодиёти шароитида буни тўғри англаш лозимлиги уқтирилди.

Р.S/ Ҳақиқатан ҳам кўпгина маҳаллаларда бўлганимизда инсонлардаги кайфият бизни анчагача ўйлантиради. Мустақил бўлганимизга салкам 30 йил тўлаётган бўлса-да, ҳали хамон одамлар онгида ижтимоий боқимандалик ҳукмронлиги сақланиб қолган. Мустақилликка эришганимизданоқ давлатимиз бозор иқтисодиёти тамойилларини белгилаб бериб, шу йўналишдан оғишмай бормоқда. Бу борада бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва ошириляпти. Лекин инсонларнинг аксарияти ғоявий бўшлиқдан чиқиб кета олмаяптилар. Бу жамиятда давлат ҳар бир ишда бош ислоҳотчи ва йўл кўрсатувчи эканлигини унутмаслик зарур.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+