Икки устунга таянамиз: кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият

20.01.2021 18:01:55

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, бугунги кунда жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари, энг аввало, ўзининг миллий маънавиятига асосланган омиллар асосида иш олиб боради. Дунёда рўй бераётган ҳеч бир инқироз ёки жангу жадал маънавиятни чеккага суриб қўйишга сабаб бўла олмайди. Нимага деганда, маънавият ва маърифатгина инсониятни ҳар қандай таназзулдан қутқара олади.

2020 йилда бутун жаҳонни ларзага келтирган пандемия натижасида дунё улкан талафотларни бошдан кечирмоқда. Инсонлар кундалик маиший муаммолар гирдобида қолиб, ўзлигини унутиш даражасига етмоқда. Узоқ истиқболнинг эзгу режаларини тузишга ўрганган одамлар эндиликда омон қолиш дарди билангина яшаб, атроф-муҳитга агрессив характерда муносабатда бўлишга одатланмоқда.

Ўзбекистон бундай оғир шароитда имкон қадар ўз қадр-қимматини сақлай олди. Ўзбекчилигимизга хос бўлган инсонпарварлик ва саховат хислати халқимизга ўзлигини асраб қолиш имконини берди. Жаҳоннинг кўз олдида вазиятни жиддий назорат остида ушлай олиб, оғир шароитдан беталофат чиқишга муваффақ бўлмоқдамиз.

Мамлакатимизда юзага келган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш баробарида халқимизнинг маънавий даражасини сақлаш ва янада юксалтириш эртанги кун барқарорлиги учун муҳим бўлган омил ҳисобланади. Шу боис, давлатимиз раҳбари аҳолининг турмуш даражасини ошириш билан бир қаторда, фикрлаш даражасининг ҳам ошиши устида қайғурар экан: “Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, - деди Президент ўз нутқида. Зеро, оғир кунларнинг ҳикматини англаш учун инсониятнинг маънавияти юқори бўлиши керак.

Сўнгги йилларда юртимизда маънавият соҳасини юксалтириш борасида қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу эса маънавий-маърифий ишларнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилганини белгилаб беради.

Президент мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясига таъриф берар экан: “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, – деб таъкидлади.

Маълумки, бугун дунё улкан таҳдид остида қолган бир вақтда халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг маънавий иммунитетини тарбиялашимиз зарур. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, мамлакатимизнинг тинчлиги ва манфаатларини асраб-авайлаш керак.

Давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлигига тўхталиб ўтар экан, ушбу марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди. Зеро, ушбу масала бугунги кунда илмий мустаҳкамланган асосга муҳтожлик сезаётган соҳа бўлиб турибди. Президент ушбу марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини кескин кучайтириш, унинг фаолиятини илмий тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.   

Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш масаласига тўхталар экан: “Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”, – деди давлатимиз раҳбари. Шу мақсадда, мутасаддилар олдига Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.  

Миллий ғоя тушунчасининг тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.

Кино санъатини изчил ривожлантириш орқали юксак бадиий ғояларни тарғиб этиб, халқнинг маънавий савиясини ошириш бугунги кунда долзарб вазифадир. Зеро, кино санъати орқали халқимизнинг онгига миллий ва маданий қадриятларни сингдириш, ижобий ва салбий тушунчаларнинг бир-биридан фарқини очиқ намойиш этиш орқали тарбиялаш билан миллий ўзлигимизни сақлаб қолиш борасидаги ҳаракатларимизни амалга ошириш имконига эгамиз.

Халқимиз онгидаги маънавият тушунчасининг тўғри шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлган органлардан яна бири – оммавий ахборот воситаларидир. Телеканаллар қошида фаолият юритадиган бадиий кенгашлар ишининг самарадорлигини ошириш катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Зеро, халқимизга етказиб берилаётган маҳсулот ҳар томонлама етук ва сифатли бўлишини таъминлаш маънавий соҳанинг юксалишини таъминлаб берувчи муҳим омиллардан биридир.

Президент ўз нутқида адабиёт, маданият ва санъат орқали халқимизнинг маънавий онггига таъсир этиш хусусида ҳам гапирди. Қадимда кўчма театрлар аҳолининг чекка қатламларига кириб бориб турли томошалар ўтказган. “Чодир жамол”, “Чодир хаёл” каби театр томошаларида қўғирчоқ ўйинлари намойиш этилган. Бундай томошалар халқимизнинг тафаккурига ўзига хос илиқлик ва нафислик кайфиятини олиб кириб, оддий маиший юмушлардан ортиб, юқорироқ даражада фикрлаш кўникмасининг ривожланишига туртки берган. Тарихимиздан бизгача етиб келган ушбу маънавий мерос анъаналарини давом эттириш бугунги кун учун долзарб вазифадир.

Яқин йилларда юртимизда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концерт томошаларини турли вилоятларда юқори савияда намойиш этиш тажрибаси муваффақиятли равишда қўлланилди. Аҳоли ушбу томошаларга келиб, ундан ижобий таассурот олган эди. Бундай томошалар ёш авлоднинг маънавий дунёсини ўстиришга хизмат қилибгина қолмай, балки ота-оналарнинг ҳам қалбида юқори идеалларга нисбатан ишонч ва умид ҳиссининг шаклланишига сабаб бўлди. Зеро, санъатнинг кучи инсониятни бирлаштириш, қалбларни юмшатиш, фикрларни парвоз эттириш қудратига эга.

“Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, – деди Президент. Зеро, олдимизда турган улуғ мақсад – Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ва уни барпо этиш, аввало, халқимизнинг тафаккурини юксалтиришдан бошланади.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+