Илм-фан қишлоқ хўжалигининг таянчига айланади

25.07.2020 13:07:41

XXI асрда илм-фан ютуқлари, инновация кириб бормаган соҳа қолмади. Унинг соҳаларга қанчалик чуқур кириб боргани эса мамлакатларниг ушбу йўналишлар бўйича илм-фанга қаратган эътиборига қараб турлича бўлади.

Афсуски, мамлакатимизда кўп йиллар давомида анъанавий қишлоқ хўжалигига таянилди ва соҳага янгиликларни жорий қилиш ҳам етарли бўлмади. Соҳани илмий ўрганишга доир кўплаб илмий муассасалар ёпилди ёки қисқартириб юборилди.

2016 йилдан бошлаб эса барча соҳалар қатори илм-фанга эътибор бутунлай ўзгарди. Мамлакатимиз Президентининг илк учрашуви ҳам олимлар, академиклар билан ташкил этилди ва уларга мамлакатимиз тараққиётининг энг асосий таянчи сифатида қаралаши таъкидланди.

Куни кеча бўлиб ўтган Президентимиз бошчилигида ўтказилган қишлоқ ва сув хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш ва соҳада бозор иқтисодиётини кенг жорий этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига, энг асосийси, халқимизнинг кайфияти ва турмуш тарзига таъсир кўрсатадиган жуда муҳим масала.

Шунинг учун мазкур соҳада фойдаланилмаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил қилишга киришилди.

Бунга ёрқин мисол сифатида мамлакатимиз тарихида илк бор илм ва инновацияни ривожлантириб, тармоқда бошқарувни халқаро стандартлар асосида ташкил этишга маблағ йўналтирилётганда кўришимиз мумкин. Гап соҳани модернизация қилиш бўйича 500 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан Жаҳон банки билан келишувга эришилгани ҳақида кетмоқда.

Дарҳақиқат соҳада хорижий давлатлардан ўрганадиган жиҳатларимиз етарлича. Бунда асосий эътиборни аграр соҳа ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни ўз ичига олган хизматлар тизими”ни юртимизда ҳам жорий этиб, илм билан ишлаб чиқаришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ўз-ўзидан бирор соҳанинг ривожланиши учун унинг ташкилий жиҳатидан тортиб, ҳар бир қадамигича илмга асосланган бўлиши лозим. Бунинг учун эса соҳага оид илмий-тадқиқот муассасаларининг кадрлар, моддий-техник, илмий салоҳияти бекам-у кўст бўлиши лозим. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги йўналишдаги 8 та илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги бир қатор ташкилотлар фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, замонавий лабораториялар ва ускуналар билан жиҳозланиши яқин орада ўзининг мевасини беради.

Йиғилишда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муҳим масалага ҳам тўхталиб ўтилди. Маълумки, ҳокимлик ва фермерлар ўртасидаги муносабатлар ҳамон эскича услубларда олиб борилмоқда. Натижада на давлат, на фермерлар учун кутилган натижага эришиш қийин бўлмоқда. Шунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига эскича ишлаш услубидан тўлиқ воз кечиб, фермерларга яхши хизмат кўрсатиш ва янги сервис турларини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилгани кўплаб ер эгаларини қувонтиргани ҳақиқат.

Деҳқончиликда сувнинг баҳоси зарга қиёсланади. Бу бежиз эмас албатта. Айниқса, мамлакатимиз шароитида сувдан оқилона фойдаланиш доимо кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлган. Мазкур соҳага ҳам инновацияларни жорий қилиш бугунги кун талабидир. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида бу борадаги барча жиҳатлар белгилаб берилган. Жумладан, каналларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш ҳамда 2 миллион гектарда сув тежовчи, шундан 600 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига йилига 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, рақамлаштириш ҳисобига электр энергияси сарфини 2 миллиард киловатт соатга қисқартириш каби кўрсаткичлар белгиланган.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш учун тегишли вазирликлар халқаро экспертларни жалб қилиб, янгича услубда ишлаши зарур ҳисобланади. Шу билан бирга соҳага инновацияларни жорий этиш тизимли равишда давом эттирилиши, 2025 йилга қадар соҳани тўлиқ рақамлаштириш, жумладан, сувни назорат қилиш ва ҳисобини онлайн тарзда юритиш бўйича тегишли чораларни кўриши лозимлиги таъкидланди.

Албатта, мазкур масалаларни амалга оширишда парламент ва маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳам ўз ўрни бор. Бунда асосий эътибор белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда парламент назоратини ўрнатиш ва тегишли қонунчиликка замон талабидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритишимиз лозим бўлади. Жумладан, жорий йилги давлат дастуридаги қишлоқ хўжалигига оид бандларни бажарилиши, Президент фармонлари билан қабул қилинган Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ва Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларнинг ҳар бир банди устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назоратини ўрнатишимиз лозим.

Аҳолимизнинг аксарият қисми шуғилланувчи, ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантириш халқимиз фаровонлигини, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигини, давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалишига хизмат қилади.

 

Дилрабо ХАЛБОЕВА,

Олий мажлис Қонунчилик палатаи депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси,

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+