Илм-маърифат ривож топадиган йил

28.01.2020 12:01:12

Бу йилги январь мамлакатимиз ҳаётида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга бой бўлди. Янги таркибдаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси иш бошлади. Республика ҳукумати тўғрисида ҳам худди шу фикрни айтиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Унда давлатимиз раҳбари кейинги даврда вужудга келган анъанага биноан юртимизда ўтган йили амалга оширилган барча соҳалардаги ишларни атрофлича ва чуқур таҳлил этиб берди. Қўлга киритилган ютуқлар билан биргаликда йўл қўйилган камчиликлар ҳам очиқ-равшан кўрсатиб ўтилди. Айни пайтда келгусида бажарилиши лозим бўлган энг долзарб вазифалар белгиланди.

Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини жонли эфир орқали кузатдик. Бутун халқимиз учун дастуриламал вазифасини ўтайдиган мазкур ҳужжатда бир қатор буюк ташаббуслар ўз аксини топгани диққатга сазовордир. Уларнинг рўёбга чиқарилиши ҳеч шубҳасиз, янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун хизмат қилади. Ҳаммамиз 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинганидан ҳам мамнунмиз. Чунки юқори даражадаги тараққиётга илм-фанни, маърифатни, рақамли иқтисодиётни ривожлантирмай туриб эришиб бўлмайди. Боз устига мазкур уч йўналиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқки, улкан дарахтнинг туташ томирларига ўхшатиш мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, Мурожаатномада таълимни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштиришга урғу берилгани барчамизни хурсанд қилди. Бу “Адолат” СДП ўз сайловолди дастурида олға сурган йўналишларга ҳамоҳангдир.

Олий таълим муассасаларининг хориждаги нуфузли университетлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилиши, 2020 йилдан бошлаб талабалар учун  давлат грантлари икки баравар кўпайтирилиши, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши соҳадаги туб бурилишга асос бўлади, деб ўйлаймиз. Шунингдек, давлатимиз раҳбари таълим тизимини оптималлаштириш мақсадида баъзи таълим даргоҳларида ўқиш муддати қисқартирилишини таъкидлаб ўтди. Олий таълим кредит-модул тизимига ўтказилади. Жорий йилдан педагогика соҳасидаги олтита йўналишда ўқув йили 3 йилга қисқартирилади. Шунингдек, олий таълим стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, йўналишлар ва ўқитиладиган фанларни қайта кўриб чиқиш, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини икки баробар қисқартириш фикрлар ҳам кўпчиликка маъқул тушди, деб ўйлайман.

Олий Мажлисга Мурожаатноманинг энг муҳим жиҳатларидан бири унда бутун мамлакат ҳаётига, умумхалқ манфаатларига доир масалалар қамраб олинганлигидир. Шунинг учун наманганлик “адолат”чилар ҳам мазкур ҳужжатда олға сурилган вазифаларни рўёбга чиқаришга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга аҳд этганлар. Бор куч-ғайратимиз, билимимиз ва тажрибамизни, изланишларимизни ана шу мақсад йўлида сафарбар қиламиз.

Исроил ЖЎРАЕВ,       

Ўзбекистон  “Адолат” СДР Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+