Илм-маърифат тараққиётни белгилайди

10.02.2020 14:02:29

Шўрчи тумани Маданият саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирокида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда партиянинг вилоят ва туманлар Кенгашлари вакиллари ҳамда депутатлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши вакиллари, туман бошланғич партия ташкилотлари ходимлари, туман касб-ҳунар коллежлари талаба ёшлари, кенг жамоатчилик  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Зафар Эшқулов очди ва иштирочиларга тадбирнинг мақсади ва моҳияти хусусида маълумот берди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров маъруза қилди.

Партия етакчиси Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасининг мазмун - моҳияти, белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш борасида қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан батафсил сўзлади.

Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар партиянинг дастури билан чамбарчас боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унда қатор долзарб иқтисодий ислоҳотлар билан бирга таълим жараёнига эътибор бериш, олий таълимда тизимли ислоҳотларни йўлга қўйиш илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бир қатор ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратилганини қайд этди.

- Мурожаатномада таъкидлаганидек, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш бугуннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди, - деди депутат Н.Умаров. - Бунинг учун давлат сиёсатини янада ривожлантириш, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 25, кейинги йилларда 50-60 фоизга етказиш, давлат грантларини 2 бараварга кўпайтириш борасида амалий ишлар қилинади. Ёшларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизми тубдан яхшиланади. Она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимининг яратилиши ва “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурининг амалга оширилиши келажагимиз эгаларининг истиқболи йўлидаги эзгу ишлардандир. Шуни унутмаслик керакки, амалий натижа билан мустаҳкамланган ислоҳотнигина одамлар қалбан ҳис этади, эртанги кунга ишонч билан қарайдиган бўлади.

Очиқ мулоқот давомида депутатимиз ёшлар билан уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида самимий суҳбатлашди, йигит-қизларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. 

Учрашувда сўзга чиққан талабалар партиянинг дастурий мақсадларини қўллаб - қувватлашларини, келажакда етук кадрлар бўлиб етишишларида партиянинг сайловолди дастурида белгиланган ёшлар учун бир қатор имкониятларни яратиш каби устувор вазифалар, бу борада партиявий лойиҳалар ёшларга яқиндан ёрдам беришлигини таъкидлашди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчилар томонидан ёшлар фаолиятни ривожлантириш, иқтидорли йигит-қизларни халқаро фан олимпиадалари ва нуфузли спорт мусобақаларига қатнашишлари учун молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёшлар учун ўйингоҳ, бассейн, китоб дўконлари қуриш зарурлиги  каби амалий таклифлар ўртага ташланди.

Мазкур учрашув туман ёшларида чуқур таассуротларга бойлиги билан катта аҳамиятга эга бўлди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+