Имзо тўплаш жараёни қизғин паллага кирди

27.09.2019 21:09:06

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар учун сайлов кампанияси бошланиб кетди. Шу муносабат билан бугунги кунда жойларда партияларнинг сайловларда иштирокини таъминлашни қўллаб-қувватловчи имзолар тўплаш жараёни қизғин тус олмоқда.

Шу муносабат билан Сирдарё вилоят партия ташкилотининг шаҳар ва туман Кенгашлари мажлисларида имзо тўплаш жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Унда жойлардаги партиянинг таянч ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Аёллар” ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларини ушбу жараёнга жалб этиб, бунга кенг аҳоли қатламини қамраб олиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, имзо тўплашга киришилмоқда.

Илҳом Баширҳанов, Сайҳунобод туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги бошланғич партия ташкилоти раиси:

– Ушбу жарённи белгиланган вақтда, бехато тарзда ўтказиш нафақат вилоят, шаҳар ёки туман партия ташкилоти вакиллари, балки ҳар бир бошланғич партия ташкилоти раислари ва аъзоларининг ҳам олдида турган муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади. Шуни тўлиқ англаган ҳолда бугунги кунда бошланғич ташкилот кесимида етарлича имзоларни тўплашга эришдик. Ҳали имзо тўплаш жараёни давом этмоқда.

Шуҳрат Ҳасанов, Ёшлар иттифоқи Гулистон туман Кенгаши раиси ўринбосари, партия фаоли:

– Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ушбу жараёнга бефарқ эмаслигини имзо тўплаш жараёнидаги фаоллиги орқали ҳам кузатишимиз мумкин. Бугунги кунда тумандаги барча партия сайлов штабларида аҳоли гавжум. Шахсан ўзим ҳам тумандаги ёшлар билан биргаликда Гулистон туман тиббиёт бирлашмасидаги партия туман Кенгаши сайлов штабига келиб, Ўзбекистон “Адолат” СДПни қўллаб – қувватлаб имзоладик.

Ҳақиқатдан ҳам ушбу сиёсий жараёнда иштирок этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, мамлакат келажагини белгиловчи бу жараён ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди.

Валижон ТЎЙЧИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши раис ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+