Инсон эркинликда ўзини бахтли хис қилади

28.05.2020 09:05:18

Юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар пировардида инсон ва унинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ётади. Айни пайтда фуқаролик масалаларига оид қонунчилигимизни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаб бориш ана шу ҳаётий ҳақиқатларга таянади.

Президентимиз томонидан “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонуннинг имзолангани бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлди, десак, асло муболға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрелдаги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифалар ҳам мазкур қонунда ўз аксини топган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.

Авваллари фуқаро Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бирон-бир яқин қариндошининг уйига доимий яшаш учун рўйхатга қўйилиши борасида турли тўсиқлар мавжуд эди. Қонун билан фуқароларга янада қўшимча қулайликлар яратилди.

Яьни, фуқаролар биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи яшаб турган, балки эгалигида бўлган бошқа уй-жой майдонига доимий рўйхатга қўйиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Аввалги қонунда эр (хотин) –хотини (эри)доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти, камида бир йил биргаликда яшаётган бўлса Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилнгангандан сўнг бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда эр (хотин) Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида олинган доимий пропискани йўқотади, деб белгиланган эди. Мана шунинг ўзи ҳам оиланинг давлатга бўлган ишончининг пасайишига олиб келар эди. Мазкур янги қонун билан бу норма бекор қилиниб, ўзгартирилди. Эндиликда эса, қонун билан яшаш бўйича рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилиб, ортиқча тўсиқлар олиб ташланди.

Мамлакатимизда инсонпарварлик тамойиллари устувор экан, юртдошларимиз ўзини доим эркин хис этади. Бу эса эртанги ёруғ  келажакка бўлган ишончни янада оширади. Айни сабабларга кўра қабул қилинган янги қонун фуқароларимизнинг эркинлигидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлайди.

 

Умид ШОУМАРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+