Инсон манфаатлари – доимий эътиборимизда

16.09.2020 14:09:56

 

Маълумки, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган ҳозирги вақтда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ҳаётимизнинг барча соҳаларида чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида жамиятимизда кўппартиявийлик, фикрлар хилма-хиллиги, очиқ-ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг ўз ғоялари ва дастурларини амалга ошириши, сайловларда тенглик, ошкоралик ва холислик тамойиллари асосида фаол иштирок этиши, парламент, маҳаллий ваколатли органларида ўз фракциялари ва партия гуруҳларини шакллантириши ҳамда юртимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиши учун барча қонуний асослар яратилган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш, Мурожаатномада белгиланган муҳим вазифаларнинг бажарилиши доирасида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда шу орқали партиянинг аниқ ва қатъий позициясини шакллантириш, сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ечиш бўйича аниқ дастур ва “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш, уларни масъул органлар билан биргаликда тўлиқ амалга ошириш, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид муҳим қарорларни қабул қилишда жамоатчилик эшитувларини ўтказиш, бу жараёнда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш сингари муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.

Албатта, бу сиёсий партияларнинг олдига катта масъулиятли вазифаларни юклаш билан бирга эзгу ишларга даъват этади.

Ўтган йили юртимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий Кенгашлар депутатлар корпусининг янги таркиби шаклланди.

Ушбу сайловлар якунида “Адолат” социал-демократик партиясидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган 66 депутат республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, қонун лойиҳаларини тайёрлашда ва сессияларда чиқаришда, қонун ижрочилигини назорат қилишда самарали фаолият юритмоқда.

Ўз олдига катта эзгу мақсадларни қўйган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Жўқорғи Кенгесдаги фракция аъзолари ва депутатлар гуруҳлари асосий эътиборини партиянинг мақсад ва ғояларидан келиб чиқиб, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтирилган қонунлар яратишга ва қарорлар қабул қилишга, юртимиз иқтисодиётининг барқарорлигини ва халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, фуқароларнинг тотувлигини, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлашга, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, сайловчиларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Жумладан, шу йилнинг I яримида депутатлар гуруҳи томонидан “Музейлар тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунларининг шаҳар, туман ва республика ҳудудида ижросига оид масалалар кўриб чиқилган бўлса, “Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳақида” Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ҳисоботи тингланиб, бу масалалар бўйича тегишли хулосалар қабул қилинди.

Шу билан бирга “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Маданият тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонун лойиҳаларига фикр ва таклифларини билдириб, қабул қилинаётган қонунларни ҳар томонлама такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Шунингдек, фракциямиз аъзоларининг таклифига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан 2020 йил учун ижтимоий-маданий соҳаларга жами 705,6 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, Жўқорғи Кенгеснинг тегишли қарори билан ижтимоий-маданий соҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 17,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўмлик дори-дармонлар ҳамда 2 миллиард сўмлик тиббиёт асбоб-ускуналари олиб келинди.

Айниқса, пандемия даврида халқнинг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эҳтиёжманд оилаларнинг оғирини енгил қиладиган эзгу ташаббуслардан бўлди, десак муболаға бўлмайди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар бўйича Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида сектор раҳбарларининг ҳисоботлари доимий равишда тингланиб, вазифалар белгилаб олинмоқда.

Бугунги кунга қадар “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ёрдамга муҳтож 26 257 оилага 4,4 миллиард сўмдан зиёд бўлган моддий ва молиявий ёрдам кўрсатилди.

Қувонарлиси, юртимизда амалга оширилаётган бундай эзгу ишларга депутатларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Маълумки, ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг парламент билан алоқасини кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёнида “Ёшлар парламенти” ташкил этилди.

Партиямиз депутатлари “Ёшлар парламенти”га сайланган ёшлар билан алоқаларни йўлга қўйиб, қонун ижодкорлиги, муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ва ечиш жараёнларида самарали фаолият олиб боришига ишончимиз комил.

Ким қайси партия аъзоси бўлишидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган бирдан-бир мақсад – бу халқимизнинг фаровон турмуши ҳисобланади.

Шундай экан, бу йўлда партиямиз депутатлари ва фаолларининг халқ билан учрашувларини янада жадаллаштириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимини топиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги хайрли ишларни давом эттириш сингари аҳамиятли масалалар барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлиши зарур.

Юртимизни янада ривожлантириш ва халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган мана шундай вазифаларни амалга оширишда барчангизга куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилайман.

 

Даўитбай ҚУРБАНИЯЗОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+