Инсоният бахт-саодати учун

04.10.2020 12:10:48

Кейинги йилларда мамалакатимиз ҳар томонлама тараққий топаётган давлатлар қатори дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин тутмоқда. Айниқса, хориж давлатлари билан ўзаро тенг манфаатларга асосланган дўстона алоқалари, халқаро ташкилотлар ва тузилмалар билан самарали ҳамкорлик қилаётгани эътироф этиш жоиз. Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқини тинглар эканман, бунга яна бир карра амин бўлдим.

 Дарҳақиқат, эътибор қаратадиган бўлсак, давлатимизнинг БМТдек нуфузли ташкилот билан ҳамкорлиги тобора янгича мазмун-моҳият касб этиб, фаол ва кенг қамровли доирада мустаҳкамланиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Эсингизда бўлса, бундан 3 йил аввал ҳам Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида муҳим таклиф-ташаббуслари билан чиқиш қилиб, дунё ҳамжамиятининг муносиб эътирофига сазовор бўлган эди. Яқингинада бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ҳам давлатимиз раҳбари яна бир қатор минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларга жаҳон ҳамжамиятини эътиборини қаратдилар.

Президиентимиз ўз нутқларида инсониятнинг ҳуқуқ ва эркинликлари,  саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш учун Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш, Марказий Осиё давлатлари олдида минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш учун Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш, БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилиши учун Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш, 2021 йилда  ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар.

Юртбошимиз нутқида келтирилган масалаларга эътибор қаратар эканмиз, уларнинг ҳар бири ёрқин келажакни таъминлашга қаратилган бугунги куннинг долзарб вазифалари эканлигини кўришимиз мумкин. Бу нарса нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам муносиб эътироф этилаётгани диққатга сазовордир. Мазкур ташаббусларнинг қўллаб-қувватланиши, амалиётга татбиқ этилиши эса минтақамиздагина эмас, балки бутун дунёда инсониятнинг бахту саодати учун хизмат қилиши шубҳасиз. Шундай экан, бундай хайрли тадбирларни амалга ошириш ва қўллаб-қувватлашга Президентимиз раҳномолигида барча юртдошларимиз камарбаста бўлиши айни ҳақиқат. Зеро Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр.

 

Малоҳатхон Мусаева
“Адолат” СДП Андижон
вилояти Кенгаши раиси ўринбосари 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+