Инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик намунаси

29.09.2020 19:09:12

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясида сўзлаган нутқи барчамизни ҳаяжонга солди. Зотан,  юртбошимиз чиқиши давомида  дунё ҳамжамияти эътиборини минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларга қаратиб, ўз нуқтаи назарини  ўзбек тилида ифода этди. Аввало, ўз она тилимизда дунё минбаридан эшитилган ҳар бир сўз ёқимлидир. Қолаверса, унда янграган ҳар бир масала дозарб ва жиддий эътиборни талаб этади.

2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё  биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир.   Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир”, дея таъкидлаган эдилар.

Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз доимо қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамжиҳат бўлишга интилиб келган. Қўшнига яхшилик қилиш, у билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳақидаги таълимотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва устувор йўналишига айланган. Маданияти, қадриятлари бир-бири билан ўхшаш бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатлари ҳамиша бир-бирига суянган, елкадош бўлган. Халқларимизнинг барқарор ривожланиши ва фаровон келажаги учун олиб борадиган  улуғ мақсад йўлида уларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Президентимиз  Ш.Мирзиёев ҳам БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида ана шу қадриятга содиқ қолган ҳолда Афғонистон масаласига яна бир бор кенг омма эътиборини қаратди.

“Минтақада  иқтисодий интеграция жараёнларига  Афғонистонни  кенг жалб этиш мақсадида “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан  Ҳинд Океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришдик” – деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида. Шу билан бирга,  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлиги ва унинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак  беришдан иборат бўлиши зарурлигини таъкидлади.      

Юртбошимизнинг Афғонистонда тинчлик барқарорлигини таъминлаш, темир йўл тармоғини ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган  саъй-ҳаракатлари ва таклифлари жафокаш афғон халқининг ҳаётига осойишталик ва бахтиёрлик олиб кириши, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқишига кўмаклашиши шубҳасиз. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ўз нутқи орқали мамлакатимиз, халқимиз учун  инсонпарварлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик нақадар муҳим эканлигини ифода этди.   

 Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона  вилоят Кенгаши раиси,

вилоят Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+