Иқтисодий асоратларни камайтирувчи ҳужжат

25.03.2020 21:03:09

Юртбошимиз томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармон мазмун-моҳиятига кўра, коронавируснинг бугунги кунда тарқалиши ва у билан боғлиқ ҳолда глобал муаммолар келиб чиқиши, мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда қатор вазифалар белгилаб олинди.

Фармонда коронавирус тарқалишининг камайтириш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, карантин шароитида аҳолининг даромадларини сақлаб қолиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бундан ташқари, ҳужжатда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланмоқда.

Жаҳонда ўта мураккаб вазият ҳукм сураётган бир вақтда юзага келаётган иқтисодий ва молиявий инқироз натижасида ҳом-ашё ресурсларга бўлган талабнинг пасайиши ҳамда нефть нархининг тушиб кетиши асосий биржа индексларига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Касалликнинг мамлакатимизга таъсири, жумладан, иқтисодий оқибатлари натижасида газ экспортидан келадиган тушум 765 миллион долларга камайиши, асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши ва тўлов қобилиятининг пасайиши валюта тушумини 500 миллион долларга камайтириши мумкин. Хорижий сайёҳлар сони 500 мингга, мос равишда тушум 150 миллион долларга камайиш эҳтимоли бор. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция лойиҳалари кечикиши мумкин. Ялпи ички маҳсулот 1,8 фоизгача, экспорт ҳажми 1,1 миллиард  долларгача қисқариши хавфи башорат қилинмоқда.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда аҳолининг турмуш даражасига кескин таъсирини камайтириш, иқтисодиётдаги йўқотишлар ўрнини қоплаш учун зарурий заҳира яратиш, барча заҳира ва қўшимча имкониятларни сафарбар этиш пировардида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳукумат олдига қўйилган асосий вазифа ҳисобланади. Юқоридаги вазифаларни бажариш учун Фармон билан Молия вазирлиги хузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди.

Шунингдек, фармонда Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилишини таъминлаш каби вазифалар келтириб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш чораларини ишлаб чиқиш таклифи берилди.

Маҳаллий бюджет қўшимча манбааларининг асосий йўналишларини тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак берувчи инфратузилмалар барпо этишга, бозорларда нарх-наво бўйича кунлик мониторинг олиб бориш, нархларнинг сунъий равишда кўтарилишининг олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари  ҳам ушбу жараёнда ўз позициясини илгари суриб, аҳолига  моддий ва маънавий кўмак бериш йўлида бирлашмоқдалар.

Мухаммаджон ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+