Ишчи гуруҳ 200 тонна карам экспортига кўмаклашди

08.05.2020 11:05:43

Томорқалардан унумли фойдаланиб, уларни даромад манбаига айлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Аҳоли ўртасида бу борада тарғибот ишларини олиб бориш ва амалий кўмаклашиш мақсадида Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатларидан таркиб топган Фарғона  вилоят ишчи гуруҳи ҳудудларда бўлиб, ҳолат билан танишмоқда.  Вилоят ишчи гуруҳи раҳбари М.Сайфитдинова, ўринбосари М.Салимова ҳамда тумандаги ишчи гуруҳ аъзоси А.Қорабоевлар томонидан Тошлоқ туманида ўрганишлар олиб борилди.

Туманнинг 51 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 35018 та хонадон бўлиб, шуларнинг 31 мингдан зиёдида томорқалар мавжуд. “Бесаранг” МФЙда яшовчи фуқаро Йигитали Эрматовнинг томорқа майдони 15 сотихни ташкил этиб, шундан 10 сотих жойига бодринг ҳамда 5 сотихига картошка экилган, иккинчи ҳосил учун бодринг кўчатлари тайёр ҳолда. Биринчи бодринг ҳосилидан 20 миллион фойда олиш кутилмоқда. Мазкур МФЙнинг яна бир аъзоси Холдарали Абдураҳмоновга қарашли 20 сотих томорқада ҳам карам ҳосили йиғиштирилмоқда, орасига экилган қовунлар палак солган. 

“Хонақа” МФЙда яшовчи фуқаро Ғуломжон Орзибоев хонадони ўрганилганда 15 сотих экин майдонида 3 та  иссиқхонаси мавжудлиги ва у ерда лимон, помидор ва бодринг етиштирилаётганининг гувоҳи бўлинди.

 Туманда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 76 нафар ёшларга “Саидбек Сардорбек файз” ва “Одил Ал Саттор файз” фермер хўжаликлари томонидан боғдорчилик учун 20 сотихдан ер ажратиб берилган. “Хотинқуми” МФЙда яшовчи 21 ёшли Шохруҳ Кежаев ҳам тенгдошлари қатори имкониятдан унумли фойдаланиб, ерга қизил ловия, иккинчи ҳосил учун эртаки сабзи экканлиги кўрилди. 40 нафар эҳтиёжманд аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Қалача массивидан ҳар бирига 25 сотихдан ер ажратилганлиги эса уларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга даромад топиш имкониятини оширишга хизмат қилмоқда.

“Бесаранг” МФЙ аҳолиси таклифларига кўра, ишчи гуруҳ томонидан маҳаллада бугунги кунда узишга тайёр, харидори бўлмаган 200 тонна карам маҳсулотини экспортга йўналтириш учун амалий кўмак берилди.  

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+