“Ишончни оқлайман!”

27.12.2019 13:12:55

Мамлакатимизда кейинги йилларда баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларга билим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигини ўз кўзим билан кўриб турибман. Яқинда бўлиб ўтган сайловларда “Адолат” СДП номзодлари учун овоз бердим. Чунки партиянинг тарғибот тадбирларида қатнашиб, у таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қатор илғор ғояларни олдинга сураётганлигини англадим.

Айни пайтда ўзим ҳам яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқдаман. Отам оддий ишчи, шаҳримиздаги саноат корхоналаридан бирида ишлайди. Онам тиббиёт ҳамшираси, оилавий поликлиникада хизмат қилади. Уларнинг маслаҳатига кўра мактабда аъло ўқишга, барча фанларни пухта ўзлаштиришга интилдим. Ҳозир юридик коллежда таҳсил олмоқдаман.

Шу билан бирга чет тилларни ўрганишга қизиқдим. Астойдил шуғулланса, мақсадга етар экан инсон. Мен ҳам тенгдошларим қатори тил ўргатиш курсида ўқиб, инглизчани пухта эгалладим. Имтиҳонларда юқори баҳолар олганимни кўрган устозларим  хориждаги олий ўқув юртларидан биронтасига ҳужжат топширишни маслаҳат беришди. Мен Япония пойтахти – Токио халқаро университетини танладим. Барча жараёнлар интернет тармоғи орқали ҳал этилди.

Бир неча кун аввал эса нафақат мен, балки оиламиз учун қувончли воқеа юз берди. Менга электрон почта орқали мазкур ўқув юрти президенти Шухли Шиозава имзолаган мактуб келди. У университетга ўқишга қабул қилинганим билан қутлаб, талабалик сертификати ҳам юборилганлигини маълум қилган эди. Энди мен халқаро муносабатлар факультетида таҳсил оламан.

Тил ўрганиш курсига шаҳримиздаги 7-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дониёрбек Абдуллаев билан бирга қатнагандик. Токио университетига ҳужжатларни ҳам бирин-кетин жўнатдик. Шуниси эътиборга лойиқки, у ҳам университет талабаси бўлди. Дониёр иқтисодиёт ва бизнес факультетида ўқийди. Ҳозир икковимиз япон тилини ўрганишга киришганмиз. Бу бизга кунчиқар мамлакатда яшаш ва ўқишга кўмаклашади, деб ўйлайман.

                                                                 Музаффар ОРИФЖОНОВ,

Наманган юридик коллежининг учинчи босқич ўқувчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+