Ислоҳатларни чуқурлаштиришда  ёшларнинг ўрни

17.02.2021 13:02:52

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шaвкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишида ахборот-кутубхона муассасаларининг, айниқса, таълим соҳасидаги ахборот-ресурс фондларини шакллантиришда ўқув адабиётлари билан бир қаторда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш, чоп этилаётган китобларни таълим муассасалари, айниқса, мактабгача ва бошланғич таълимда ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмаларини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўқувчи-ёшларда мутолаа малакасини шакллантириш маънавий маданиятни ривожлантириш ҳамда жамият ва инсоният тараққиётини тўлиқ ва ҳар томонлама ифодаси сифатида китоб кўп асрлар давомида таълим олувчиларни ақлий ва маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг тараққий этиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришида ёшларнинг билими, дунёқараши ва тарбияси алоҳида ўрин тутади. Негаки, ислоҳотларнинг муваффақияти, давлатимизнинг дунёда ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, энг аввало, таълим тараққиёти ривожи билан боғлиқ бўлса, яна бир томондан глобал ўзгаришлар авж олган бугунги кунда тарбияга бўлган эҳтиёж ҳам тобора ортиб бормоқда. Бунинг сабаби бугун имкониятлар кўламининг кенглиги билан  бирга, ахборотлар маконининг ҳам кенгайганлиги, турли мақсад ва манфаатларга йўналтирилган ҳар хил ғоя, қарашлар, уни тарғибот қилиш технологиялари, ижтимоий онг ва тафаккурга таъсир кўрсатиш омиллари кучайганглигидир. Шундай экан, ёшларимиз, фарзандларимиз онги, тафаккурини ёт ва зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, ички дунёсини комиллик сари йўналтириш орқали бўшлиқларни тўлдириш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир. “Нега деганда, биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз”. Бу каби барча эзгу ишларнинг бошида, албатта, етарлича билим ва малакага эга бўлган ўқитувчи ва мураббийларимиз, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, мактаб таълими асосий ўрин тутади. Чунки бола умрининг ўн бир йили мактабда ўтади, бу озмунча вақт эмас, қолаверса, инсон таълим ва тарбия олишида энг маҳсулдор ва масъулиятли даври мактаб давридир. Инсоний фазилатларни ёшликдан сингдириш кераклиги эса барчамизга маълум. “Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани, лекин кўплаб болаларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани бу ҳам бор гап”. Юртбошимиз таъкидлаганидек, ёшларимизнинг китоб ўқимай қўйгани жуда ачинарли ҳол. Фарзандларимизни китобга ошно қилиш муаммоси, авваламбор, адабиёт ўқитишда сифат жиҳатидан янгиланиш бўлишини тақозо қилмоқда. Ўқувчиларда китобга муҳаббат ўқилган китобнинг сир-асрорини билгандан кейингина шаклланади.

 

 

Камолиддин КАМОЛОВ,

Халқ депутатлари Ғузор туман

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+