Ислоҳотларга камарбаста бўлайлик

22.02.2021 19:02:52

Бугун ҳар бир соҳада бўлгани каби мактабгача таълим тизимида ҳам катта ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, соҳанинг ривожи қонун йўли билан мустаҳкамлаб қуйилди. Бунинг натижасида соҳада олий маълумотли, малакали мутахассис кадрлар етишмовчилиги, кадрларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари, муассасаларнинг моддий-техника базасини  мустаҳкам борасидаги масалалар ўз ечимини топмоқда. Илгари боғчалар болалар учун шунчаки вақтини ўтказадиган, ота-оналар ишда бўлганида қаровсиз қолмаслик учун бир ечим бўлган бўлса, бугун кун талаби мутлақо бошқа. Бугун мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг мактаб таълимига тайёрлаш, кичик ёшлардан хорижий тилларни интерактив ҳолатда ўргатиш, уларни соғлом овқатлантириш, соғлом жисмоний, ақлий, маънавий ривожланишига эътибор қаратиш ниҳоятда муҳим масала ҳисобланади.

Соҳада энг катта қадам 2017 йилда қўйилиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Вилоятларда Мактабгача таълим бошқармалари ҳамда туман ва шаҳарларда мактабгача таълим бўлинмалари тузилди. Соҳага ўз соҳасининг етук мутахассис кадрлари раҳбарликка тайинланди.

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгандан сўнг давлат мактабгача таълим ташкилотлари, нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотлари, хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари, ногирон болаларга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотларига эътибор янада кучайди. Хусусан, соҳанинг моддий-техника базасини янада бойитиш ва мустаҳкамлаш, замонавий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим бериш даражасини хорижий давлатларнинг замонавий педагогик технологиясига мослаштириш, ташкилотларда қисқа муддатли гуруҳлар, мажбурий бир йиллик гуруҳлар ташкил этиш ва тарбияланувчларни мактаб таълимига қамраб олишни ошириш каби вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шунингдек, маҳалларда истиқомат қилувчи болаларни мактабгача таълимга қамраб олинишини ошириш мақсадида, соҳани ривожлантириш истагидаги бўлган тадбиркорларга жуда катта имтиёзлар берилаётгани ҳам сўзимизнинг далили.

Эътиборли жиҳати давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир чиқишларида мактабгача таълимга юқори эътибор бериш, муассасаларни юқори билимли мутахассис кадрлар билан таркибини қайта тузиш, муассасаларнинг моддий-техника базасини яратиш ҳақида сўз юритади.  Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаларида ҳам мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратадилар. Учинчи Ренессенс пойдевори мактабгача таълимдаги сифатли таълим-тарбия берилишига боғлиқлигини янада чуқур англадик. Биз буюк аждодларнинг давомчиларимиз, шунга муносб авлодларни тарбиялашимиз даркор. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий тўрт ёшларида ўқиш ва ёзишни мукаммал билгани, ғазаллар битгани ҳам бола ўзининг ҳаётида эгаллайдиган билимларининг 60 фоизни 6-7-ёшгача бўлган даврда эгаллайди деган фикрнинг тасдиғи десам янглишмайман. Шундай экан ҳар биримиз соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишимиз, янада ривожланиши учун ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

 

 Санобар МИРСАИДОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+