Истиқболимиз маёғи

25.01.2020 14:01:31

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини андижонлик “адолатчилар” диққат-эътибор билан тингладилар. Мурожаатнома халқчил, танқидий фикрлар билдирилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига  теран назар  ташлаб, адолатли фикр ва таклифлар билдирилган, устувор вазифалар тилга олинган ушбу ҳужжат барчамизни тўлқинлантириб юборди.

Айниқса, ёшларга қаратилган эътибор, уларни ишга, ўқишга ва тадбиркорликка жалб этиш, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш билан камарбаста бўлиш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди. Жумладан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, шифокорларни ўқитувчилар каби жамиятда мавқеини, обрўсини ошириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш  сифатини тубдан яхшилаш масаласи барчамизни қувонтирди.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оммавий спортга жалб этиш, маҳаллаларда спорт билан мунтазам шуғулланиш учун махсус майдонлар ташкил этиш бўйича лойиҳалар  ишлаб чиқиш борасидаги таклифлари барчага маъқул келди. Шунингдек, экологияни яхшилаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, юртимизни боғ-роғларга айлантириш борасидаги фикрлари айни дилимиздаги гаплар бўлди.

Президентимиз Мурожаатномаси истиқболимизни белгилаб берувчи муҳим маёқ бўлди, дея айта оламиз.Биз йил давомида амалга оширадиган ишларимизни ана шу асосида режалаштирамиз.

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+