Ижарада яшаётган ва кундалик даромадга қараб қолган аҳолига қандай ёрдам берамиз?

12.04.2020 10:04:06

 

Ҳозирда бутун дунё ўта кескин вазиятни бошидан кечирмоқда, шу жумладан, Ватанимизда ҳам хавф ҳали ўтиб кетгани йўқ. Шундай кунларда Президентимиз томонидан “Ватанимизда яшаётган ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак” дея таъкидланган сўзлари ҳар бир юртдошимиз қалбида умид учқунини ёқди.

Мазкур гапнинг исботи ўлароқ ҳуқумат томонидан аҳолимизнинг турли қатламларига эътибор каратилмоқда. Қисқа фурсатларда барча ҳудудларда ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали эҳтиёжманд аҳолига зарур озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар етказилмоқда. Ушбу жараён бундан кейин ҳам давом эттирилиши шубҳасиз.

Аввало, мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш учун аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини аниқлаб олиш лозим.

Ҳозирда уч тоифадаги оилалар энг қийин даврни бошидан ўтказмоқдалар.

Биринчи тоифа бу ўз уй-жойига эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар ҳисобланади. Чунки улар даромад топадиларми-йўқми, ижара ва коммунал тўловларни ҳар ой тўлашга мажбур. Карантин даврида эса уларнинг аксарияти ишсиз қолишди. Аммо ижара тўловларини тўламаса, бошпанасиз қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Энг ёмони, уларнинг аксариятида ўзлари яшаётган жойида пропискаси бўлмайди. Табиийки, маҳалладан олинадиган моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулотлар олиш имконияти чекланади.

Иккинчи тоифа - фақатгина чет элда ишлаётган оила аъзосининг даромадига қараб қолган оилалар. Сабаби бугун аҳолимизнинг аксарият қисми ишлаётган Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ҳам карантин эълон қилинган. Ўз-ўзидан ушбу давлатларда меҳнат қилиш имконияти анчагина пасайган ёки бутунлай тўхтаган. Табийики, улар оиласига жўнатаётган маблағлар қисқарди ёки умуман тўхтади. Бундан ташқари даромадсиз қолган ўзга юртдаги фуқароларимиз ижара ҳақи ва бошқа қўшимча тўловларни тўлашга тўғри келади. Уларнинг оила аъзолари карантин шароитида маблағсиз қолмоқда. Боиси улар на кам таъминланган оилага, на етарли таъминланган оилага кирадилар.

Учинчи тоифа - кундалик даромадга асосланган ишларни қилиб юрган ватандошларимиз. Яъни кафе, ресторанларда ишлаётган ходимлар ёки бўлмаса киракашлик билан шуғулланиб тирикчилик қилиб яшаётган фуқароларимиз. Карантин шароитида уларнинг меҳнат қилиш имконияти чеклангани боис ўз рўзғорини тебратишда анча қийналмоқдалар. Агарда карантин даври чўзиладиган бўлса, фуқароларимизнинг ушбу қатлами янада қийналиши аниқ.

Афсуски, бу каби оилаларга зарурий озиқ-овқатни етказиш билан бирламчи эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаймиз. Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурамиз.

Биринчидан, жойлардаги ҳокимликлар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда юқоридаги тоифаларга мансуб оилаларни пропискасидан қатъий назар аълоҳида рўйҳатини шакллантириши керак.

Бу каби оилаларни рўйхатга олишга ижтимоий тармоқлар ва ягона телефон тармоғи орқали амалга ошириш ҳам мумкин. Бунда фақат яшаш жойи бўйича ҳақиқий аҳволни маҳалланинг ўрганиши талаб этилади. 

Иккинчидан, рўйхати шакллантирилган оилаларга заруратга қараган ҳолда банклар томонидан ҳар ойда маълум суммадан вақтинча қисқа муддатлик (3 ой 5 ой ойлик) микрокредит ажратиш йўли билан қўллаб-қувватлаб туриш зарур.

Учинчидан, ҳомийлик жамғармалари ҳисобидан аҳолига нақд шаклда ёки пластик картага ўтказиш орқали 3 ойлик муддатга фоизсиз ссуда бериб туриш лозим.

Аҳамиятлиси, мазкур таклифларни амалга ошириш бўйича қонунчилик механизмлари шакллантирилган. Фақат ижрочилардан озгина ташаббускорлик кўрсатилса, бас.

Албатта, юқоридаги таклифларни ўқиб, давлат ва банклар томонидан ўзи шунча маблағ йўналтирилмоқда-ку, яна бу тизимларни йўлга қўйсак, маблағ танқислиги юзага келади-ку, дея эътирозлар билдирилиши мумкин. Аммо бир нарсани унутмаслик лозимки, агар фуқароларимиз витаминли, калорияли таомларни истеъмол қилмас экан, бу касаллик бизни тарк этиши узоққа чўзилаверади. Ўз-ўзидан, фуқароларимизнинг яшаш даражаси пасайяди ва камбағал оилалар сони янада ошади. Натижада бугун берилмаган бир сўмимиз эртага уч сўм зарарга айланади. Бундан энг аввало банкларимиз ва давлат бюджети азият чекади.

Шунинг учун ҳамжиҳатликда, фуқароларни қўллаб-қувватлашга қилинган ҳар бир саъй-ҳаракат эртага ўз натижасини бериши табиий.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Muxammad Ali
2020-04-14 15:28:55
Bo`lar ekanku xalqni o`ylasa. Endi taklifni amaliyotda qo`llash kerak. Man troll emasman. Xech qaysi partiya va tashkilotga azo emasman )
Gafurov San'at Raxmatulloevich
2020-04-14 12:03:44
salom xamaga man Samarqand viloyati samarqand shaxrida turaman prizidentimiz tomonidan uy joyga muxtojlar tomonidan ipotekadan uy olganman karantingacha tirikchiligim kirakashlik bilan utardi xozirda karantinda uyga utiribman pul masalasida qiynalyapman shu paytda bank xodimlari olgan kriditni xoyizini tulaysiz deyishyapti lekin foyizni tulashga xam imkoniyatim yuq shuninguchun man bu fikrga qushilaman shu masalani kurib chiqsangizlar yaxshi bulardi oldindan raxmat
Magdiyev Bekzod
2020-04-14 11:05:08
Ассалом Алейкум! Фикримча агар банкларимиз фоизсиз ва льготали микрокредит йуналишини ишга тушуришса анча инсонларга ёрдам буларди. Узим Тошкентлиман ижарада тураман, якинда фарзандли булдим, аксига олиб Пандемия туфайли ишхонадан без содержания уйда буп колдим. Нолимиман Оллохга шукур оилам сог омон багримда, лекин рузгор ва болага каша, памперс олиш учун маблаг керак. Иш бумаса ойлик бумаса маблаг узидан узи пайдо бумидику
Мамадалиев Акбар Исманжанович
2020-04-14 08:53:34
Бизни юртдошларимзни уйлаб тинмай ишлаяпсизлар биз бундан жуда миннатдормиз Рахмат сизларга барса рахбарларимизга
Курбонов Илхомжон Якубжонович
2020-04-14 01:32:44
жуда яхши фикр микрокредит.
Ilyosbek hamraev
2020-04-13 21:49:01
Tezro qaror chiqorila iltimos kutib qilomiz ijobiy natijasini.
Улмас Хамраевич
2020-04-13 21:22:22
Рахмат депутатларимизга. Инсон кадриятларини хурмат килятганлари учун. Аввалом бор хукумат рахбаримизга рахмат!! бизларни уйлаб килятган сайи харакатлари учун.
Рузметов Атабек
2020-04-13 20:58:31
Офарин максуд ога, хакикий халкпарвар сиёсатчи эканлигингизни бутун узбек халкига намоён этдингиз.
Рузметов Атабек
2020-04-13 20:58:25
Офарин максуд ога, хакикий халкпарвар сиёсатчи эканлигингизни бутун узбек халкига намоён этдингиз.
Malaeva Ziyoda Nuralievna
2020-04-13 20:22:04
Assalomu aleykum. Men fikringizni maqullayman, juda xam togri fikr bildirdingiz, iloxim umringizdan baraka toping. Bizninig iilamizda faqat, turmush urtogim kunlik daromad, yani krakashlik qilib pul topardila, 2 nafar voyaga etmagan farzandlarimiz bor , men uy bekasiman. Xush qaerdan pul olamiz , karantinda pulimiz qolmadi, shu vaqtgacha adam, akalarim yordam berib turishdi, enfi ulardan yana qanday qlib sorayman, iltimos bizga xam mikrokridit berishlarini surayman.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+