Ижро қоғозда эмас, амалда бўлса, халқ ишончи қозонилади

07.02.2020 12:02:10

Термиз  шаҳридаги Халқаро матбуот маркази Сурхондарё вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари ва партия ходимлари ўртасида келгусидаги фаолиятнинг мақсадли вазифаларини белгилаш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.  Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров иштирок этди.

Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев очди ва тадбирдан кўзланган мақсад ҳақида атрофлича тушунтириб ўтди. Тадбирда  Президентимизнинг  парламентга Мурожаатномаси хусусида фикр юритилиб, Мурожаатнома мазмун-моҳияти, кейинги беш йилликда партия ва депутатлар олдида турган устувор вазифалар ҳамда вилоят кенгашининг 2019 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон  “Адолат” СДП  фракция раҳбари Наримон Умаров маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йилда парламентга Мурожаатномасида мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ислоҳотларни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсади ётибди. 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши муносабати билан парламент ва ҳукумат олдига бир қатор муҳим вазифалар қўйилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатларининг мақсади Мурожаатномада белгиланган вазифалар, партия ғоялари ҳамда “Йўл харитаси” ижросини қоғозда эмас, амалда бажариб, шу орқали халқнинг партияга, депутатларга бўлган ишончини янада оширишдир.

Мурожаатномада ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмаган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров — Президентимиз таклиф ва тавсиялари асосида барча жабҳаларда амалга ошириладиган ислоҳотлар, ўзгаришлар аввало сизу бизнинг бахтли яшашимиз, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига қаратилган. Шу боис, юртимизда амалга ошириладиган ислоҳотлар жараёнида фуқаролар томошабин эмас, балки барча фаол иштирокчи сифатида қатнашиши лозим. 

Маъруза давомида Мурожаатномада сиёсий партиялар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, баҳо берилгани ва  партия аъзолари сафини ошириш борасидаги долзарб кўрсатмалар ҳам фаолиятимизни тубдан ўзгартириш ва янада такомиллаштиришни талаб этилиши, бундан ташқари,  сайловлар арфасида сиёсий партия вакиллари томонидан аҳолига берилган ваъдаларнинг бажарилишини қатъий таъминлаш зарурлиги ҳам таъкидланганлиги айтиб ўтилди.                                                                         

Шунингдек, йиғилишда депутатлар олдида турган устувор вазифалар, партия вилоят кенгаши партия ташкилотлари билан депутатлар ҳамжиҳатлигини таъминлаш, аҳолининг турли қатламлари орасида партия ғояси, мақсад ва  вазифалари тарғиботига қаратилган тадбирларни кучайтириш, партия хайрихоҳлари сафини ошириш,  аҳоли  муаммоларини ўрганиш,  ечим излаш, бартараф этиш чораларини кўриш каби муҳим масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Учрашув чоғида депутатларнинг партия ва халқ олдида олиб борадиган давомли ишлари, уларнинг сифат кўрсаткичи, аҳоли мурожаатлари бўйича ишлаш, уларни ҳал этишнинг самарали йўллари ҳақида суҳбатлар олиб борилди.

Маълумки, партиядан Халқ депутатлари вилоят туман Кенгашига 4 та,  шаҳар ва туманлар Кенгашларига жами 58 та депутат сайланган. Юзма-юз қилинган мулоқотлар вақтида депутатлар фаолиятини тўғри ва жонли ташкил этиш устувор вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Учрашувлар сўнгида томонлар тарафидан тегишли хулосалар чиқарилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+