Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага кўмак кўрсатилди

13.03.2020 20:03:57

Зангиота туманидаги “Кимё” тўйхонасида “Тариқ-тешар” маҳалласидаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 10 нафар фарзандига суннат тўйи ўтказилди. Мазкур хайр-саховат Ўзбекистон “Адолат” СДП туман Кенгаши ташаббуси билан туман ҳокимлиги ҳамда хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси ҳамкорлигида уюштирилди.

    Болажонларнинг ота-оналари, яқинлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тўйда сўз олган туман Кенгаши депутати Нигора Халхаджаева ва бошқалар мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.

– Маҳалламизда аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди “Тариқ-тешар” МФЙ раиси Зиёвиддин Нурматов. –  Қолаверса, ушбу тўй халқимизга хос саховат, меҳр-оқибатнинг, кўмакка муҳтож оилалар вакилларининг кўнглига қувонч улашишдек хайрли ишларнинг ёрқин намунасидир.

     Кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган болажонларнинг суннат тўйлари ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги кенг жамоатчилик, айниқса, болалар ва уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди.

    – Иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди “Тариқ-теша” маҳалласида яшовчи Мухайё Абилқосимова. – Қўлимиз калталиги учун фарзандимиз  Ҳамидуллонинг суннат тўйини ўтказа олмаётган эдик. Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларга, айниқса, фарзандларимизга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Мана шундай хайрли ишлар ташкилотчиларига барча оналар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

     Ушбу эзгуликка йўғрилган тадбир юртдошларимизнинг  кўнглини тоғдай кўтарди, уларга олам-олам қувонч ва шодлик улашди. Тўй-болаларга партия ва ҳамкор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+