Ижтимоий қатлам - доимо эътиборда

07.04.2020 14:04:06

Чегара билмай кириб бараётган коронавирус пандемияси барча инсониятни бирдек хавотирга солиб қўйгани шубҳасиз. Тарихга назар солсак, инсон пайдо бўлганидан бошлаб, то бугунги кунга қадар ўз онг-у тафаккури билан катта қийинчиликларни енгиб келмоқда. Коронавирус инсониятга карши уруш очган кўринмас ва катта душманга айланган. Инсоният ўз ақли ва топқирлиги билан бу балони ҳам албатта енгиб ўтади.

Коронавирурс бошқа давлатлар қатори мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмай кириб келди. Бунга қарши Президентимиз Ўзбекистон халқининг тақдирини, келажагини ўйлаган ҳолда тезкор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Жорий йилнинг 3 апрель куни Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон мазмуни билан танишган ҳар бир киши бу халқимиз келажагини ўйлаб қилинган зарурий чораларнинг бири эканлигини англаши қийин эмас.

Ушбу ҳужжат билан аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби жами 20та турдаги асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

Бу чоралар орқали яна 120 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар қамраб олинади.

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18  турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Бундан шуни англаш мумкинки, карантин даврида, асосан, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар кўп азият чекиши мумкин. Уларнинг ижтимоий аҳволини янада яхшилашда тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Фармон билан иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларни қўллаб-қувватлашга доир қатор чоралар ҳам белгиланди.

Мамлакатимиз аҳолиси учун қилинаётган бундай зарурий чоралардан хулоса чиқарган ҳолда, фақат “Уйда қолинг!” деймиз. Бу Сизнинг касалликни енгишга кўшган ҳиссангиз бўлади.

Нурлыбай ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+