Изланмаган инсон жамиятдан ажралиб қолади

23.01.2020 17:01:45

Шу кунларда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида кўрилаётган ҳар бир масала юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотяпти. Чунки унинг замирида Ўзбекистоннинг келажаги, эртанги кунимиз ва ривожланиш стратегияси ётибди. Қолаверса, янги таркибда шаклланган парламент олдида турган вазифалар қанчалик долзарб эканлиги ҳам ўзини ифодалайди.

Шу маънода Президентимиз томонидан кўтарилган бир масала барчамизда масъулият ҳиссини оширди. “Энди кечаги натижа билан халқимизни рози қила олмаймиз. Бугунги кун талаби ҳар куни изланиш, янгилик яратишдир. Шундагина халқимиз ҳаёти яхши томонга ўзгаради”, деди давлат раҳбари. Бу биринчи навбатда барча бўғиндаги раҳбарлардан ўз фаолиятига танқидий кўз билан қарашни талаб этади.

Ортга бир назар ташлайлик. Ҳар куни янгилик, ривожланиш. Бугун янгилик кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Бундай тезкор даврда замон билан ҳамқадам бўлмаган, ўз устида ишламаган одам жамиятдан ажралиб қолиши турган гап. Бу йўлда айниқса, биз депутатлар фаол бўлишимиз, фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашимиз зарур.

Ватан маҳалладан бошланади. Одамларнинг турмуш маданияти қанчалик яхшиланса, уларда фуқаролик масъулияти  ортади. Ўз маҳалласини обод қилиш билан Ватан ободлигига ҳисса қўшадилар. Бунинг учун уларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш лозим.

Депутат бу борада айни шу маҳалланинг таянчи. У биргина ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш билан чегарланмаслиги керак. Қонунчилигимиздаги ўзгаришлар, давлатимиз томонидан фуқаролар олдига қўйилаётган вазифаларни жамоатчиликка етказиб бориш ва ижросини таъминлаш унинг бош вазифаси. Буни ўз вақтида амалга оширишга масъулмиз. 

                                                        Насибахон ТЎЙЧИЕВА,

                   Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашидаги

               Ўзбекистон “Адолат” СДП Депутатлик гуруҳи раҳбари

  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+