Йил номи ёшларга ёқди

07.02.2020 14:02:01

Термиз давлат университетида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирокида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев очди ва мазкур ўтказилаётган тадбирнинг  мақсад ва моҳияти хусусида маълумот берди. 

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров сўзга чиқиб, Президентнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномаси ва унда кўрсатилган давлат ва жамиятни тубдан ислоҳ этишни давом эттириш масалалари, шунингдек, 2020 йилда ёшларни қувонтирадиган кўплаб янгиликлар ҳақида ёшларга маълумот бериб ўтди. Ёшлар қувончли хабарларни хурсандчилик ва миннатдорлик билан қабул қилди.

Ўтказилган учрашувда  Мурожаатномада ёшлар учун белгиланган бир қатор имкониятлар ҳамда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилганидан ёшларнинг кайфияти, шашти ва иштиёқи кўтарилгани яққол сезилди.

Учрашувда партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров ёшлар ўқиб ўрганиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, ҳунарли бўлиши учун Мурожаатномада кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани, режалар айтилгани ҳақида батафсил гапириб берди.

Айтиш жоизки, жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади. Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш долзарб вазифадир. Шу мақсадда миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Мазкур тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини бериши кутиляпти.

“Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт”, - дея таъкидлаган эди  Президентимиз. Бу муҳим вазифани бажариш учун биринчи навбатда мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш керак. 2020 йилда бу кўрсаткични 25 фоизга, келгусида 50-60 фоизга етказиш режалаштирилгани айтилди. Охирги йилларда олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада оширилди, бунинг учун барча имкониятлар ишга солинди. Шу билан бирга, учрашувда қайд этилдики, олий таълимни ривожлантириш бирданига ечиладиган масала эмас, бунга катта изланиш ва ресурс керак. Шартнома тўловини икки-уч баробар кўтариб, қабул квоталарини ошириш мумкин, лекин бу ҳолатда ёшларга, уларнинг оилаларига моддий қийинчиликлар юзага келади.

Шу боис Мурожаатномада олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарурлиги таъкидланди. Қувонарлиси, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш кўзда тутилди.

Учрашувда Мурожаатномада ёшлар манфаатларини кўзлаб илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида кенг тушунча берилди. Ёшлар ҳам фаоллик билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янгидан ишлаб чиқиладиган “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси давлат ва жамиятнинг ёшларга муносабатини бутунлай янги даражага кўтариши кутилаётгани қайд этилди.

Тадбир сўнгида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига депутатимиздан атрофлича жавоб олишди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+