Йўллар қачон таъмирланади?

06.03.2020 20:03:18

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутат Илҳом Тўхтасинов Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Учрашувда бир гуруҳ маҳалла фаоллари ушбу ҳудуднинг энг асосий муаммоси йўллар носозлиги эканлиги юзасидан мурожаат қилди.

Бекзод Зиядуллаев, маҳалла фуқароси:

 – Маҳалламиз ҳудудидаги Мовороуннаҳр 1 ва Мовороуннаҳр 13 кўчалари асфальт қилинган бўлсада орадан икки ой ўтмасдан, яна таъмирталаб аҳволга келиб қолган.  Шу ҳудудаги 32-умумтаълим мактабгача олиб борувчи йўллар, яъни  Мовороуннаҳр 18 ҳамда Мавороуннаҳр 32 кўчалари қишда лой, ёзда чанг бўлиб аҳоли учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Айниқса, ўқувчилар мактабга қатнашида йўллар яроқсизлиги натижасида қийинчиликларга дуч келмоқда.

Шунингдек, маҳалла аҳолиси томонидан мавжуд  мактабгача таълим муассасаси маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи аҳоли фарзандлари қамрови учун кичиклик қилаётганлиги сабабли, мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди.

Аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган ушбу муаммолар депутат эътиборидан четда қолмади. Масалани ижобий ҳал этишда амалий кўмак сўраб мутасадди ташкилотларга депутатлик суровлари чиқарилди. 

Умид қиламизки мутасаддилар депутатлик суровига ўз вақтида жавоб қайтаради. Аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар ўзининг ижобий ечимини топади.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+