Камбағални отнинг устидаям ит қопади. Талабаларнинг ҳолини ким ўйлайди?

12.09.2019 20:09:43

Республикадаги барча таълим муассасаларида ўқув йили бошланди. Барча турдаги таълим муассасаларида ўқув йили одатдагига нисбатан анча кўтаринки кайфиятда бошланди ва давом этмоқда, фақатгина олий таълим муассасалари бундан мустасно. Чунки шартнома асосида таҳсил олувчи талабалар учун стипендия учун бир хил қийматдаги нарх белгилаш уларнинг ҳақли этирозига сабаб бўлмоқда.

Август ойининг охирги ўн кунлигида касбий фаолиятим туфайли meningfikrim.uz жамоавий мурожаатлар портали вакиллари маъруза қилган бир тадбирда иштирок этиш насиб қилди. Мазкур тадбирда бу йил нега Олий таълим муассасалари учун белгиланган контракт миқдори эълон қилинмаганлиги, meningfikrim.uz  жамоавий мурожаатлар порталида контракт суммаларини камайтириш юзасидан қўйилган таклиф белгиланган 10 000 дан ортиқ овоз тўплаган бўлса-да, тегишли ҳукумат вакиллари томонидан кўриб чиқилмаётганлиги тўғрисида савол йўлланди. Шунда портал муассисининг раҳбари мазкур таклиф Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилаётганлиги,  яқин кунларда контракт суммалари сезиларли даражада камайтирилиши шунингдек, талабаларга қўшимча имтиёзлар яратган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинишини маълум қилган эди.

Ваъда берилган қарор кечикиб бўлса-да чиқди. Бунинг учун ташаккур. Аммо контракт суммалари камайтирилиб эмас, аксинча 18 фоизга ошган ҳолатда. Дастлаб, бунга кўп ҳам эътибор бермадим. Қандайдир чалкашлик бўлгандир, чунки ҳозир ижтимоий тармоқларда талабалар агар ситипендия олмай ўқиса 400 мингдан ҳисобланиб, бир йилда 4 800 000 ўз контрактига ўтказилиши тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Ушбу икки ҳолат мукаммал тарзида қайта масъуллар томонидан эълон қилиниб, аниқлик киритилишини кутгандим. Чунки Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг тез-тез ўзгариб туриши биз учун янгилик бўлмай қолди.

Аммо 10 сентябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари томонидан бугун олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар учун бир хил ҳолатда стипендия жорий қилинганлигини,  бу қарорга келишга асос эса, талабаларнинг истаги эканлигини таъкидлашди. Майли, қора рангнинг оқлигини қандай исботлаш уларнинг иши. Мен талаба эмасман, аммо талабалик даврини ўз бошимдан ўтказганман. Шу боисдан, бу борадаги айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашсам. 

Биринчидан, мазкур қарор Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) га қўйилганми? Нега айрим (бирор йўлини қилиб олий таълимга кириб, бу ёғига ҳам ўзлаштиришни истамаган) талабаларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилинди. Мадомики, талабалар истаги дея таъкидланар экан, бу қарор қайтадан ошкора талабалар муҳокамасига қўйилиши шарт.

Иккинчидан, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган энг муҳим муаммо бу кадрлар етишмаслиги ва мавжуд кадрларнинг интеллектуал салоҳияти юқори эмаслигида. Шундай шароитда талабани ўқишдан кўнглини совутишдан ким қандай наф топади?

Эндиликда талабалар учун муҳими илм олиб етук кадр бўлиш эмас, ўз вақтида контрактни тўлаш учун оиласига ёрдамлашиш ҳамда кўч-кўронини кўтариб маълум муддат қўним топган квартираларининг ижара ҳақини тўлашга маблағ тошиш ниятида қўшимча ёлланма меҳнат қилиш асосий мақсади бўлиб қолади. Бугунги кундаги таълим сифати, ўзи контракт суммасига арзирмикин?  

Учинчидан, нега талаба ўзи ҳақли бўлган маблағни кимнингдир тавсияси орқали олиши керак? Ахир бугун жамиятимизда коррупцияга карши курашишнинг энг таъсирчан усули бу ҳар қандай соҳада инсон омилини камайтириш, электрон ҳукумат тизимини жадаллаштириш бўлиб турган бир вақтда буйруқбозликни кўпайтиришдан кимга қандай манфаат? Ректорлар кимга қанча қўшимча стипендия ажратиш ҳақида бош қотиргандан кўра, ўзи раҳбарлик қилаётган олийгоҳнинг таълим сифатини қандай ошириш, қайси халқаро рейтинги юқори олигоҳлар билан ҳамкорлик қилса талабаларига кўпроқ манфаат бўлиши, олий таълимда белгиланаётган квоталарни бекор қилиш, талабаларга кам стипендия тўлаш эвазига тўланган контрактдан қопланаётган 68 фоиз фойдани ошириш ўрнига ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш ҳақида бош қотирса бўлмайдими?

Тўртинчидан, нега ўзгаришлар фақатгина Тошкент шаҳри ва бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг даромадларидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Наҳотки, улар Республикамизнинг олис ҳудудларида бўлмаган, мактаб ва ҚВПдан бошқа бирор бир бюджет ташкилот фаолият олиб бормайдиган 10 минглаб қишлоқларни, аҳоли ишсизликдан, йўқчиликдан азият чекиб яшаётганини кўрмаган. Ёки ўзи у стипендиядан бу стипендиягача аранг етиб оладиган талаба бўлмаганмикан?

Олий таълим вазирлиги бугун тизимдаги ислоҳотларни талабалар истак ва хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда олиб боришни маъқул кўрсалар, талабаларнинг контрактларни камайтириш, дарс сифатини ошириш, ўзлаштириш даражаси, ўқишга киришда тўплаган балларига қараб контракт суммасини белгилаш каби талабларини ҳам инобатга олиб қарорлар қабул қилишга эришсин.

Нега ҳисоб-китобга келганда фақат талабаларнинг тўлаган контракти қилинган ҳаражатларнинг 68 фоизини қоплаши кўринадию давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳақида гап кетмайди. Ёки берилаётган 400 000 сўмлик стипендия нималарга етиши ва талаба эҳтиёжининг неча фоизини қоплаши ҳақида ўйлайдиган мард бормикан, вазирликда?..

Хулоса қилиб шуни айтаманки, қайсидир соҳадаги хатоларнинг ўрнини тўлдириш мумкиндир. Таълим ва тарбиядаги хатонинг бирдан бир йўли фақатгина бутун бошли авлод алмашинуви билангина амалга оширилади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ

Улашинг!