Тиним билмай меҳнат қилаётган сафдошларимиз

24.04.2020 13:04:24

Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иқтисодиёт тармоқларини тиклаш, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини изга тушириш бўйича Андижон шаҳрида изчил чоралар кўрилмоқда.

Вилоят марказидаги 35 та йирик корхоналар рўйхати шакллантирилди. Шундан 26 тасининг фаолияти тикланди. Жараённи ишга тушириш аввалида корхоналар тўлиқ дезинфекция қилинди. Уларда асосан трикотаж маҳсулотлари, калава ип, музлатгич ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

 Ёш тадбиркор Олимжон Бозоров раҳбарлигидаги “Унитекстиль” МЧЖ ана шундай субъектлардан бири. Мазкур корхонанинг иш бошлаганига атиги уч ой бўлди. Шунга қарамай  ички бозорда ўз ўрнини топиш баробарида хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

-Коронавирус пандемияси  биз учун ўзига хос синов бўлди,-дейди  бош муҳандис, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли  Жасурбек Усмонов.-Жамоамиз асосан ёшлардан ташкил топгани учун ҳам ишни тўхтатмадик. Карантин талабларига амал қилган ҳолда  ишловчиларга шу жойнинг ўзида ётоқхона ташкил этилди. Уларни тиббий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилди. Қўшимча ҳақ тўлаш йўлга қўйилди. Натижада кунига 6 тонна калава ип ишлаб чиқарилмоқда.

Жасурбек каби мазкур корхонада 8 нафар партиядошимиз карантин даврида ҳам иш жойида. Ўтган ҳафтада 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки маҳсулот Россиянинг Иваново шаҳрига чиқарилди. Ҳозирда навбатдаги 100 тонналик буюртма асосида бажариляпти.

-Россия, Украина ва Қозоғистон давлатларидаги ишлаб чиқарувчилар  билан ҳамкорлик шартномалари имзоладик. Ҳозирча уларга калава ип етказиб берамиз,-дейди О.Бозоров. - Модернизация ишларини режалаштирганмиз. 10  миллион 125 минг евролик хориждан энг сўнгги русумдаги технологиялар олиб келиш устида ишлаяпмиз. Бу билан йил охирига бориб харажат уч баробарга камаяди, маҳсулот  ишлаб чиқариш ортади.

Лойиҳанинг кейинги босқичи ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган. Модернизация ҳисобига калава ип корхонанинг ўзида қайта ишланиб, матога айлантирилади. Асосийси, ишловчилар сони 350 нафарга етади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+