Карантин даврида тадбиркор

08.04.2020 11:04:22

Давлатимиз раҳбарининг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида халқимизга қилган мурожаати зиммамизга катта масъулият юклайди.

Таъкидланганидек, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмасликка энг аввало ўзимиз масъулмиз. Бунинг учун ҳар бир оила ўз саломатлиги учун курашмоғи зарур.

Албатта, шундай оғир вазиятда фуқароларнинг даромадлари камайиб кетмаслиги, ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлаши катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш ва тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт
 тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Унга кўра, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди. Айтиш мумкинки, ушбу имтиёз тадбиркорларга катта кўмак бўлади.

Тизимдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Яратилган яна бир қулайлик, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер, мулк ва ижтимоий солиқлар ҳамда  сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилди.

Бугун аксарият тадбиркорлик субъектлари молия муассасалари томонидан берилган кредит ҳисобига фаолият юритаётгани сир эмас. Амалдаги қонунчилик берилган маблағни вақтида қайтаришни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.  

Бир сўз билан айтганда, бугун тадбиркор қонун ҳимоясида.  Иқтисодий соҳада юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Бу синовлардан муваффақиятли ўтиш учун ташаббускорлардан янада фаоллик талаб этилади. Бу нафақат даромад ва иқтисодий юксалишга, айни вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Насибахон ТЎЙЧИЕВА,

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+