Карантин қоидаларига амал қилмаслик мураккаб вазиятларни келтириб чиқаради

18.04.2020 21:04:56

Мамлакатимиз бугун синовли ва жуда мураккаб даврни бошидан кечиряпти. Албатта, дунёда тарқалган коронавирус инфекцияси юртимизни четлаб ўтмади. Аммо шундай мураккаб вазиятда ҳар биримиз дадил ва эҳтиёткор бўлишимиз шарт. Чунки огоҳлик давр талаби эканлиги бугун яна бир маротаба ўз исботини топди. Албатта, ушбу касалликка қарши курашиш мақсадида қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлиги мамлакатимизда изчил амалий ишларнинг олиб борилишига хизмат қилмоқда. Аввало, карантин қоидаларига алоҳида берилган урғу ҳар бир фуқаронинг кун шиорига айланиши шарт. Шифокорлар, ички ишлар ходимлари ва бошқа бир қатор соҳа мутахассисларининг мамлакатимиз равнақи ҳамда юртимиз тинчлиги учун олиб бораётган фаолиятлари фуқароларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашда асос бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, баъзан фуқароларнинг белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмасликлари, билган ҳолда карантин тартибларини бузаётганликлари ўзлари ва атрофдагиларига нисбатан эътиборсизликни ҳамда мураккаб вазиятларни келтириб чиқармоқда. Энг ачинарлиси, касалланганлар сонининг ортиб бораётганлиги, улар орасида онахонлар, отахонлар, опа-сингиллар, ака-укалар, ва афсуски, ёш гўдаклар ҳам бор. Биз барчамиз бирлашсаккина мақсадга эришамиз. Бобомиз Амир Темур “Куч - бирликда” дея шиор этган экан, ана шу шиор биз учун амалда бўлиши шарт.

Албатта, шундай мураккаб вазиятда мамлакатимиз раҳбари халқ фаровонлиги йўлида аниқ мақсад сари йўл кўрсатмоқдалар. Шубҳасиз, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар Ватан тинчлиги, юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилар экан, уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаган ҳолда амал қилиш эса бизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 3 апрель санасида “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъеткларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унда шубҳасиз, аниқ вазифалар белгилаб қўйилди. Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши билан боғлиқ қайдлар ҳар бир соҳада аҳоли турмуш тарзи учун муҳим ҳисобланади.

Албатта, қабул қилинаётган бу каби фармонлар, таъкидланаётган фикрлар ҳар бир соҳанинг янада тараққий этишига, шундай вазиятда эътибор билан ёндашишга хизмат қилади. Бунда эса биздан талаб қилинадигани битта – бирлашиб, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишдир.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+