Карантинни томорқада ўтказинг!

23.04.2020 20:04:59

Баъзида кўп фарзандли оилаларнинг оила бошлиғидан “Нечта фарзандингиз бор?”, деб сўраб  кўрсак, “Атиги 11 тагина” деган жавобларни  эшитиб  лол  қолганман.

Кўп фарзандли оилалар ҳеч қачон нолишмаган, берганига шукр деб, қаноат қилишган. Фарзандларини ҳалол меҳнат қилишга ўргатиб, ризқ – насибасини топиб боқишган.

Ҳозир – чи? Бизнинг болажон халқимиз орасидан ўз томорқасидан унумли фойдаланмаётганлари қанча? Баъзи ҳовлиларга кирсак, бир туп мевали дарахтни  кўрмаймиз. Экин – тикинни айтмасак ҳам бўлади, ҳатто кўкатни ҳам сотиб оладиган бўлдик.

Кўп қаватли уйларда яшайдиган оилалар орасида, ҳатто балконида помидор, бодринг, лимон ва ҳоказоларни етиштираётганлардан ибрат олсак арзийди.

Агар биз ёши улуғлар, фарзандларимиз, набираларимизни томорқа ишларига ўргата олмасак, албатта улар енгил-елпи пул топиш илинжида чет элларга кетиб, ўз соғлигини йўқотиб  қайтадилар.

Баъзан қишлоқларда, ҳатто 20 – 30 сотих ери бор оила фарзандлари четга иш қидириб кетгани, томорқа эса ишчи кучи йўқлигидан, қаровсиз ҳолатда эканини кўриб ачинганман. Ўша четдан топган пулни ўзини томорқасидан ҳам топса бўлади-ку.

Ҳовли атрофига терак экса, келгусида фарзандлари учун қуриладиган уйларга ёғоч, тахта излаб юрмайди, еридан эса бир йилда икки марта ҳосил олиш мумкин, баҳорги, кузги экиладиган экинларимиз бор.

Айни дамда, банк ходимлари туманларга чиқиб, керакли кўчатларни етказиб бермоқдалар, биздан эса ҳаракат талаб қилинади.

Юртимизнинг ҳар бир оила, ҳар бир инсони давлатимиз ва Президентимиз ғамҳўрлиги ва эътиборидан четда қолмайди.

Бу синовли кунларда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб вазифага айланган. Бундай вазифани бажаришда ҳар бир томорқаси бор оилалар четда томошабин бўлиб тура олмайди, ҳатто 1 сотих ери бўлса ҳам нимадир экиб, оиласи учун қайғуриши, ҳаракат қилиши лозим. Кимдир кўкат, кимдир полиз экинлари, помидор, бодринг ва ҳоказолар экиб, рўзғорига барака олиб келиши мумкин-ку. Азал – азалдан халқимиз учун бир қарич ер ҳам қадрли бўлган. Ахир “Ерни  боқсанг, ер сени боқади” ҳикматли сўз бежиз эмас.

Шу кеча кундузда айни томорқада шуғулланадиган дамлар, карантин туфайли вақтимиз анча бемалол бўлиб қолганидан унумли фойдалансак, ҳаммамиз учун ҳам фойдалидир. Айниқса соғлигимизга жисмоний меҳнат беқиёсдир.

Озиқ-овқат танқислигини олдини олиш учун ҳам барчамиз оиламиз, юртимизнинг фаровонлиги йўлида жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишимиз лозим.

Меҳнатсевар, мард халқимиз Президентимизнинг мурожааталаридан рухланиб, янада жипслашиб, бирдам бўлиб жавоб берадилар.

Бу кунлар албатта ўтади, яхши кунларимизни пок ниятлар билан кутишимиз, эътиқодли, имонли халқ эканлигимизни унутмаслигимиз керак. 

Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари бизни қўллайди.

Буюк бобомиз Баҳовуддин  Нақшбандий “ Қўлинг меҳнатда, дилинг Оллоҳда бўлсин” деб, ўгит қилганларини  эсга олиш кифоя.

Юртимга тинчлик,омонлик тилайман.

 

Муҳаббат ШАРАПОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Қашқадарё

 вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+