Карманадаги долзарб муаммоларга қачонгача кўз юмилади?

03.03.2020 16:03:07

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига 38-Навоий сайлов округидан сайланган депутат Коржикова Инна Ивановна сайловчилар билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида депутат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларга балиқ эмас, қармоқ берайлик” мазмунидаги нутқини кенг тарғиб қилиб, аҳолининг кам таъминланган қатламига бир марталик эмас, доимий даромадга эга бўлишида кўмакдош бўлишимиз, муаммоларини ҳал қилишда ҳамкорликда иш олиб боришга чорлади.

    Мулоқот давомида “Камолот”, “Пахтаобод”, “Ўзбекистон” маҳаллалари аҳолиси мавжуд муаммоларни айтиб ўтдилар. “Ўзбекистон” маҳалласи Ал-Бухорий, Хаёт кўчаларида (Чўтқара массиви) 1500 дан ортиқ наъмунали Президент уйлари қуриб, фойдаланишга топширилган. Лекин, Президент уйларининг кўчаларида тунги ёритиш чироқлари мавжуд эмаслигини қандай тушуниш керак?  Симёғочлар ўрнатилишига кўп вақт сарфланганлиги аниқ, энди уларга плафонлар ўрнатиб, электр манбаи ўтказилишини аҳоли яна қанча вақт кутиши керак?

 Олий Мажлисга Мурожаатномада мамлакатимиз бўйлаб “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш  ва ободонлаштириш ишлари бажарилганлиги, бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланганлиги маълум қилинди.

Лекин шунга қарамасдан, бутун Республика бўйлаб таъмирталаб, юриб бўлмас аҳволдаги ички йўллар кам эмас. Куз, қиш ва бахор мавсумида ёғингарчиликлардан кейин лойга айланадиган, ёз мавсумида эса чанг кўтарилиб, аҳоли саломатлигига хавф солаётган шундай йўлларни Кармана тумани Пахтаобод маҳалласининг “Ишонч”, Амир Темур ½, Ёшлар ½, Пахтазор кўчалари, Ўзбекистон маҳалласининг Ҳаёт, Ал-Бухорий кўчаларида кўришингиз мумкин.

 Ишонч кўчасидаги ҳонадонлар томорқа ерларида жойлашган эскирган, бетон тиргакларга эга бўлмаган, хавфсизлик нормаларига жавоб бермайдиган устунларни уй ичидан чиқариб, тезда янги, хавфсизларига алмаштириш кераклигини бахтсиз ҳодиса рўй берсагина англаймизми?

“Пахтаобод” маҳалласи Пахтазор кўчасининг “индамас” аҳолиси қачонгача ўзбекчиликка хос бўлган андишага амал қилиб, ҳудуддаги фойдаланиб турилган телефон линиясини узиб, кабельни олиб кетишига доимгидай индамай ўтириб, бугунги тезкор рақамларга (Тез ёрдам, Ёнғин хавфсизлиги ҳизмати кабиларга) қўнғироқ қилишда муаммоларга дуч келиши керак?

“Ўзбекистон” маҳалласи Ҳаёт кўчасида жойлашган 14-сонли умумтаълим мактаби ва хонадонлар орасидаги масофа 500-600 метрни ташкил қиладиган хавфсиз ички йўл бўлсаю, лекин ота-оналар фарзандларини 1 км. олисдаги юк машиналари, тракторлар юрадиган, магистрал йўл орқали 10, 5-сонли умумтаълим мактабларига юбориб, фарзандларини тинч замонда ҳам урушга юборган каби эсон-омон уйига қайтишларини кутиб ўтиришлари қанчалик тўғри? Яна бу таҳликага, аҳоли ҳаракатланишига нега лойиҳа бўйича йўл тушган бўлишига қарамасдан, ўзбошимчалик билан қурилган бир уй сабаб бўлиши керакми? Ушбу муаммоларга мутасаддилар нега кўз юмиб келишган? Улар аҳоли тақдирига шунчалик бефарқми?

Депутат “Камолот” маҳалласида бўлиб, Фаровон, Гулзор кўчаларида юқори кучланишга эга трансформаторлар ёнидан 30-35 йиллар аввал қурилган 122 хонадон “снос” бўлмайдими? Ушбу 122 хонадонда истиқомат қилаётган қарийб 500 киши уйлари бузилиши оқибатида кўчада қолмайдими? Ушбу масалани мутасаддилар хабар берганидай аҳолига зарар етказмасдан ушбу юқори кучланишга эга бўлган электр тармоқларини қишлоқ яқинида мавжуд пахта даласига кўчиришга эришиладими?

Кармана тумани шаҳарга энг яқин туман ҳисобланганлиги сабабли ушбу туман аҳолиси ўқишга, ишга шаҳарга қатнайди. Лекин шунга қарамасдан, Нарпай ҳудудидаги “Пахтаобод”, “Ўзбекистон”, “Камолот” маҳаллалари аҳолисининг оғирини енгил қилиш мақсадида автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Ушбу ҳудудда 1500 дан зиёд котедж уйлар қурилган бўлсада асфальт қилинмаган лой, чанг ва қоронғу кўчалар, ишсизлик муаммоси мавжуд. Шунингдек, Нуронийлар чойхонаси йўқ, кекса отахонларимиз дам олишларига шароитлар мавжуд эмас.

Учрашув давомида ҳамюртларимиз томонидан юқоридаги бир қатор муаммолар кўтарилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Инна Коржикова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Раъно Ризаева, туман Кенгаши депутати Юлдуз Яркуловалар ҳамда маҳаллалар вакиллари таклиф ва муаммолар юзасидан тегишли тартибда жавоб бердилар. Мутасадди ташкилот вакиллари билан муаммоларни ҳал этиш масаласида келишиб олинди. Шунингдек, фуқаролар ўз ҳудудидан сайланган  депутатлар  билан учрашиб, муаммолари юзасидан исталган вақт мурожаат қилиши ва керакли тушунча ёки ёрдам олиши мумкинлиги эслатиб ўтилди. 

Учрашув якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикова Шавкат Миромоновичнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги “ Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, барча соҳадаги билим ва кўникмаларимизни янада оширсак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради” – деган сўзларини яна бир бор эслатиб ўтди ва юқоридаги муаммоларни бартараф этишда ҳар бир фуқародан ҳамкорлик, бирдамликда ишлашга умид қилишини билдирди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+