“Касаллик билан олишаётган инсон ёрдамингизни кутиб турса уйқу келармиди?”

11.08.2020 09:08:35

Мана, қарийб беш ойдирки, дунёнинг аксарият мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясига қарши кураш қизғин тус олган. Инсон саломатлиги учун ҳаёт-мамот жангида айниқса, шифокорлар жасорат ва матонат намуналарини намойиш қилмоқдалар.Намангандаги тиббиёт муассасалари ҳақида биринчилар қаторида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси жамоаси тилга олинади, Бу, бежиз эмас албатта.

- Жамоамизда беш юз нафардан зиёд шифокорлар меҳнат қилади - дейди бош шифокор Жакбарали Қурбонов.- Уларнинг барчаси пандемия даврида инфекцияга чалинган фуқароларимизни соғломлаштириш йўлида кунларни тунларга улаб меҳнат қилмоқдалар. Орамизда ойлаб иш жойини тарк этмаган, уйига бормаган касбдошларимиз ҳам бор. Биз меҳнатларимиз давлатимиз ва ҳалқимиз томонидан юксак даражада қадрланаётганидан, ҳар томонлама ғамҳўрлик кўрсатилаётганидан чексиз миннатдормиз.

Маълумки, ўтган июль ойида Президентимизнинг фармонига биноан турли соҳа ходимларининг катта бир гуруҳи мукофотлар билан тақдирланди. Улар орасида мазкур жамоанинг тўрт нафар вакили бор. Масалан, бактериолог Файзулложон Дадабоев I-даражали, анестезиолог- реаниматолог Жалолиддин Қосимов ва реанимация бўлими ҳамшираси Ёқутхон Охундадаева  эса II-даражали “Саломатлик” орденлари, катта тиббиёт ходими Ёқут Икромова “Соғлом турмуш” медалига лойиқ топилди. Бу қувончли воқеа ҳам жамоанинг меҳнат ғайратини ошириб, бутун куч ва билимларини олдинда турган вазифаларни муваффақиятли бажаришга даъват этмоқда.

Бугунги кун қахрамонлари ҳақида сўз борганда бош шифокор Жакбарали Қурбоновни эътироф этмай бўлмайди албатта.

У коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб бораётганларнинг олдинги сафида бормоқда. Мазкур хасталик авж олгандан бери у етакчилик қилаётган шифокорлар юзлаб беморларнинг жонига оро кирдилар.

- Бунга осонликча эришганимиз йўқ дейди, - Ж.Қурбонов. – Биринчи навбатда шифокорларимиз куну-тун фидокорлик билан меҳнат қилдилар. Кўплаб кечалар мижжа қоқмай ўтказилди. Чунки касаллик билан олишаётган инсон ёрдамингизни кутиб турса уйқу келармиди?

Диққатга сазовор томони шундаки, шифохонанинг ахил жамоаси бундай мураккаб вазиятга биринчи марта тушганига қарамай ўзини йўқотмади. Ҳар бир киши вазифасига ситқидил ёндошди, назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитди. Бир вақтнинг ўзида интернет саҳифаларидан, газета-журналлардан коронавирус ҳақида янгидан-янги маълумотлар тўпланди. Хитой, Россия, Европа мамлакатларида бўлаётган воқеалар таҳлил этиб борилди.

Оғир хастликка чалинган кишиларни даволашни ташкил этиш осон кечмади. Бош шифокор қўл остидаги ходимларнинг иш тажрибасини, касб маҳоратини ,хатто одамийлик фазилатини пухта билади. Шунга қараб уларга муомала қилади,  топшириқ  беради ва ижросини назорат қилади.

Эришилаётган натижалар кўп жиҳадан беморларни даволаш жараёнларини тўғри ташкил этишга боғлиқлигини хамма яхши тушунади. Бу ерда тиббиёт ходимлари ҳар ўн тўрт кунда алмашиб ишлайдилар. Фақат бош шифокор доимо ўз ўрнида. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган меъёрлар асосида тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишга масъул. Дори-дармонлар ва тиббий ашёлар таъминотини ҳам доимий назоратга олган.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+