Одил судлов мустаҳкамланмоқда

11.02.2021 13:02:30

Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини, қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоялашнинг ишончли кафолатини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам ҳимояда бўлган, унинг қонуний манфаатлари ва қонун устуворлиги сўзсиз таъминланган давлат жадал тараққий этади.

Кейинги тўрт йил ичида янги Ўзбекистон мисолида яққол бўй кўрсатди. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирларининг халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғун тарзда амалга оширилгани қисқа вақт ичида катта натижаларни кўрсатганди.

Хусусан, судларни чинакам маънодаги “Адолат қўрғони”га айлантириш борасида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган ислоҳотлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун, деган тамойилнинг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлди.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига қилган навбатдаги Мурожаатномасида бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада қатъий мазмун-моҳият билан изчил давом эттирилиши таъкидланди. Унда эътироф этилганидек, уд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларимиз ҳам изчил давом эттирилди. Натижада бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Мурожаатда янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлиги, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши белгиланди.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши, бу аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратиши; суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилиши, бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, судларни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ва мустаҳкам ҳимоя қиладиган, демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар тизимли равишда давом этаверади. Бу йўлда энди орқага қайтилмайди.

Аввало, шуни айтиш керакки жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда. Халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юртимизнинг нуфузи ва обрў-эътибори тобора юксалмоқда.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббусларимиз дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янада юксак чўққиларини забт этиши учун бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан Президентимиз атрофида янада жипслашиб, уйғоқ виждон билан яшашни, катта ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб қилмоқда. Шундай экан, биз энг аввало, амалий ишлар билан халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш сайловчилар ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун берилган ваколат ҳамда имкониятларни тўла ишга солишга, қўйилган вазифаларни теран англаб, фаолият юритишга бор кучимизни сафарбар этамиз.

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти

Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+