КЕЧИРИМЛИЛИК ҲАМ АДОЛАТДАНДИР

28.05.2020 10:05:12

Ҳар бир инсон кимлигидан, қайси миллатга мансублигидан, ижтимоий келиб чиқиши ва диний қарашларидан қатъий назар давлат раҳбарининг ҳимоясида бўлади.  Бу ҳимоя турли хил йўллар билан амалга оширилади. Шулардан бири жиноят содир қилган ва жазо ўташ жараёнида қилган жиноятидан тўғри хулоса чиқарган, қилмишидан пушаймон бўлган, жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаган жисмоний шахсларни кечиришдир. Демократия қоғозда эмас, амалда бўй кўрсатган юртда инсон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади, кечиримлилик сиёсати амал қилади. Бунда бировнинг манфаати ўзганинг тинч ва фаровон ҳаётига даҳл кўрсатмай, тарозининг ҳуқуқ ва бурч палласи тенг ушланган ҳолда ислоҳотлар олиб борилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт” дея қайд этилгани фикримизга исбот бўла олади.

Оқилона сиёсат бу – яхшига рағбат, ёмонга жазо бериш ва бу борада олтин ўрталикни, меъёрни ушлашдир. Зеро, рағбатдан ҳам, жазодан ҳам мақсад бир: тарбия бериш, сабоқ чиқаришга имкон яратиш, шахс сифатида такомилга етказиш. 

Бу дунё эзгулик ва ёвузлик устига қурилган. Кўзимизни қувнатувчи, дилларга сурур бағишловчи ижобий воқеалар қатори манфур иллатлар ҳам учраб туради. Нафақат юрт, балки бутун инсоният манфаати йўлида меҳнат қилаётган, эл қаҳрамонига айланган ватандошларимиз борлиги бошимизни кўкка етказса, айрим гуруч ичидаги курмаклар ўйга толдиради. Аммо давлат жамиятнинг ҳеч бир аъзосига бефарқ эмас. Муаммо такрорланмаслиги, айб иш худди касаллик каби қайталанмаслиги учун зарур чоралар мунтазам равишда кўрилади.

Жумладан, юртимизда жиноятлар профилактикасига катта эътибор қаратилган. Хавф гуруҳидагиларни аниқлаш, жиноятларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари доим кун тартибидаги долзарб масалалар қаторидан ўрин олган.

Шак йўқки, жиноятга жазо муқаррар. Ноқобил инсон ноўрин хатти-ҳаракатига яраша жазоланиши ҳеч ким инкор этмайдиган ҳақиқатдир. Аммо демократик тузум қарор топган, инсонпарварлик тамойилларига амал қиланадиган юртда тарбиянинг турли самарали усуллари қўлланилади. Бу айбдорни кечириш, қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлганнинг узрини қабул қилишдир.

Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишларнинг кўлами кенг. Кечириш мамлакатимиз қонун ҳужжатларига мувофиқ икки усулда амалга оширилади. Амнистия бериш ва афв этиш.

Бош қомусимизнинг 93-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади.

Сўнгги йилларда барча соҳалардаги изчил ислоҳотлар каби бу борадаги чора-тадбирлар ҳам янги босқичга кўтарилди. 2018 йили Президент Фармони билан “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Жазодан озод қилишда асосан вояга етмаганлар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳам юртимизда инсонпарварлик тамойиллари  ҳамда ижтимоий ҳимоя устувор эканлигини кўрсатади. Энг муҳими, амнистия акти қўлланилганида айбига пушаймонлигидан, жиноят орқасида етказилган зарарни қоплаган қопламаганлигидан қатъий назар жазодан озод этиларди. Афв актида эса айнан тузалиш йўлига кирганлар бу имкониятдан фойдалана олишади, холос.

Маълумки, амалдаги ҳуқуқий меъёрларда қайд этилганидек, афв – муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотларни (ёши, соғлиғининг ҳолати, оилавий аҳволи) инобатга олиб, жазодан озод қилишдир. Фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинадиган авф айнан аниқ шахсларга қаратилганлиги, фақат Президент томонидан эълон қилиниши билан янада аҳамиятидир. Таъкидлаб ўтиш жоиз, афв акти изчил алоҳида инсонпарварлик, меҳнат, таҳлил ва эътибор талаб қиладиган жараён ҳосиласидир. Бунда махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказади, тегишли хулосалар чиқаради. Шундан кейингина  афвни қўллаш масаласини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилади. Бунда махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали ўрганилади.

Куни кеча нишонланган муборак Рамазон Ҳайити арафасида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда мазкур қадриятлар бардавом эканлигини яна бир бор исботлади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди. Бу диёримиздаги шунча хонадонга қувонч кирди, оилалар бир аъзосининг қайтиши билан бут бўлди, демакдир. Катта умид ва юксак ишонч билан айтамизки, ушбу фармондаги фуқаролар тўғри йўлга қайтди, ҳаётдан тегишли сабоқни чиқарди ва ўзини хатолардан асрашни ўрганди. Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари ташкил этади.

Яна бир эътиборли томони шундаки, афв этилганларнинг 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этди. Бу бир қарашда наҳотки, деган саволни келтириб чиқаради. Аммо, шуни таъкидлаш жоизки, инсон адашади, хато қилади. Буни ҳамма ҳам тушуниб етавермайди. Бунинг учун қалб керак, юрак керак. Фармонни ўқиган ҳар бир киши унинг замирида қалб амри, Давлат раҳбарининг оталарча меҳри, ғамхўрлиги мужассамлигини кўради. Энг муҳими, хатони тан олиш ва ундан пушаймон бўлишдир.

Бинобарин, Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Доно халқимизда “Касални даволагандан кўра  олдини олган афзал”, деган ҳикматли нақл бор. Дарҳақиқат, муаммо пайдо бўлгач, уни бартараф этгандан кўра барча кучимизни ана шу нохушлик содир бўлишини олдиндан кўра билиш ва уни юзага чиқмаслиги учун курашишга қаратиш тўғри қарордир.

Кечиримлилик халқимизнинг азалий қадриятларидандир. Кечирилган одам – айбини ҳис этган, уни асло такрорламайдиган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тўғри йўлга тушиб олишга қодир инсон.

Ҳа, баъзилар ўз ҳаётида билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Бироқ агар улар хатоларини тан олиб, пушаймон бўлишса, кечиришга лойиқдирлар. Бундай инсонларга яна бир бор имкон берилади, улар оиласи бағрига қайтишади. Ахир улар ҳам шу юртимиз фуқароларидир.  

Муқаддас Рамазон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни, жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдаги қадри ва аҳамияти беқиёс.  Шубҳасиз, Рамазон ҳайити муносабати билан жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларнинг афв этилиши муборак айём арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Зеро, кечиримлилик ҳам адолатдандир. Бу албатта, халқнинг янада бир бутун бўлиб жипслашишига, эртанги кунга ишончи ортишига, жамиятимизда меҳр-оқибат фазилати кучайишига хизмат қилади.  

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурий вазифалари қаторига қонун усуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва бурчларини амалда тўла таъминлаш каби давлат ва жамият учун муҳим масалаларни киритган. Қонун устувор бўлган давлатда жиноятлар ўз ўзидан камаяверади. Адолат бор жойда – тараққиёт бор, барака бор, юксалиш бор. Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва бурчларини тўлиқ англаса бир-бирига даҳл кўрсатмайди, зиён келтирмайди. Биз давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз ва аҳолимиз, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларимизни кучайтирамиз. Зеро, эл-юрт фаровонлигига барча масъул, тинчлик-осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшиш ҳаммамизнинг вазифамиз.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+