Келажак эгаларига эътибордан мамнунмиз

01.11.2019 13:11:56

Ёшларга таълим-тарбия бериш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш масаласи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатларнинг маъно-мазмунига, давлат сиёсатининг уствор йўналишига айланган, десам муболаға бўлмайди. Негаки, олдимизда турган энг эзгу мақсадлар – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтириш ҳам авваломбор униб-ўсиб келаётган ёшларнинг қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ.

Шу боис мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этадиган ёшлар, келажак авлод тарбиясига улкан аҳамият ва эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир нутқи, ҳар бир маърузасида ёшлар масаласи алоҳида эътиборга олинмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган партия сайловолди дастури мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирда иштирок этиб, партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси билан танишар эканман, педагог сифатида жуда хурсанд бўлдим.

Жуда долзарб, айни бугунги кун учун зарур масалалар кўтарилди. Энг эътиборлиси - умумтаълим мактабларнинг бошланғич синфларида узайтирилган кун гуруҳларини жорий қилиш юзасидан партия ўз олдига мақсад-вазифаларни белгилаб олган. Бу эса биринчи ўринда болаларни соғлом овқатланишига, соғлом ривожланишига хизмат қилади (чунки узайтирилган гуруҳларда болаларни овқатланиши ҳам эътиборга олинади, бир вақтда, белгиланган рацион асосида овқатланади). Турли тўгараклар, машғулотлар жараёнида болаларнинг иқтидори, қизиқишларини эрта аниқлаш имконияти ортади. Қолаверса, ҳозирги кунда кўпчилик ота-оналар фақат пул топиб болани иқтисодий томондан таъминлаш билан чекланиб қолаётгани, фарзандлари билан мактабдан кейин шуғулланишга вақт  ажрата олмаётганлиги кўпчилигимизга сир эмас, агар узайтирилган кун гуруҳлари жорий этилса, болалар бўш вақтларини унумли ўтказади, бу эса ўз навбатида таълим самарадорлигининг ошишига олиб келади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида, умумий ўрта таълим муассалаларида тиббий хизматни етарли даражада йўлга қўйиш, муассасаларда тиббиёт хонаси, дори-дармонлар бўлиши ва малакали тиббиёт ходими узлуксиз ишлашини таъминлаш масаласи ҳам жуда муҳим. Чунки, бола касал бўлиб келса, уни дарҳол дарсдан четлатиш, мактабда бирон жойи оғриса биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, мабодо қон йўқотса қонни тўхтатиш учун тажрибали тиббий хизматчилар керак бўлади. Тўғри, ҳозир ҳам зарурат туғилганида шаҳар марказларида тиббий хизмат кўрсатиш муаммо бўлмаслиги мумкин, яқин масофада жойлашган поликлиникага олиб боради. Аммо, туман, шаҳар марказларидан олисда, чекка қишлоқларда бунинг иложи йўқ. Қишлоқ врачлик пунктларига бориш учун камида 3 км.дан 10-12 км.гача йўл юришга тўғри келади, яна транспорт муаммоси ҳам учраб туради.  

Умумтаълим мактабларида ягона мактаб формасини жорий этиш масаласи Республикамизда энг долзарб ва ечими охиригача ҳал бўлмаган масалалардан бири. Мактаб ўқувчилари учун ягона формани жорий этиш, улар ўртасидаги тенгсизликнинг олдини олиши баробарида, болаларни интизомга, оддийликка, самимийликка ўргатади. Форманинг жорий этилиши таълим-тарбия сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, партия болаларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, уларда лидерлик қобилиятларини шакллантириш ва уларни жамият тараққиётига мос равишда камолга етишлари учун мактабларда тоифали (масалан, ёш табиатшунос, ёш ватанпарвар, ёш Темурбеклар, қизлар учун ёш Тўмарис каби) даражалар бериш амалиётини йўлга қўйиш таклифини илгари сурган.  Бу тизимни амалиётга жорий этиш орқали болаларда ўзига бўлган ишонч ортади, масъулиятни, жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир бўлади, юриш туриши, ўзини тутиши бошқаларга ўрнак бўладиган даражада ўзгаради.

Бир сўз билан айтганда, таълимга қаратилган эътибор, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тубдан ўзгараётган соҳада ҳар бир ўқувчининг қизиқиши, қобилияти, билим олиш салоҳияти инобатга олинган ҳолда ёндашиш ўзининг ижобий самарасини беради.

Зебо ТУРАЕВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+